Токио-2020. Дастлабки кун спортчиларимиз учун муваффақиятсиз бўлди

Япония пойтахти мезбонлик қилаётган Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларининг илк кунида 11 нафар ўзбекистонлик спортчи баҳсларда иштирок этди. Булар:

1.Муҳтасар Тоҳирова (ўқ отиш)

2.Шерзод Мамутов (қиличбозлик, яккалик)

3.Шаҳбоз Ҳолмирзаев, Собиржон Сафаралиев (эшкак эшиш, жуфтлик)

4.Муроджон Ҳолмуродов (велоспорт)

5.Шарофиддин Лутфиллаев (дзюдо)

6.Денис Истомин (теннис)

7.Малика Ҳакимова (қиличбозлик)

8.Шаҳноза Юнусова (бокс)

9.Санжар Турсунов (бокс)

10.Расулжон Абдураҳимов (спорт гимнастикаси)

Ўқ отиш. 10 метрдан милтиқдан ўқ отиш дастурида иштирок этган Мухтасар Тоҳирова саралашда 622.2 очко тўплай олди. Бу билан вакиламиз 33-кўрсаткични қайд этди.

Қиличбозлик. Қиличбозликнинг сабля йўналишида 19 ёшли ҳамюртимиз Шерзод Мамутов руминиялик Юлиан Теодосиуга қарши жанг олиб борди ва 11:15 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Академик эшкак эшиш. Вакилларимиз Собир Сафаралиев ва Шаҳбоз Холмирзаев енгил қайиқдаги жуфтлик баҳсларида иштирок этди ва 2000 метр масофага кечган дастурда 6:44.98 дақиқа натижа қайд этишди. Бу билан улар ўз гуруҳларида тўртинчи ўринни банд этишди.

Теннис. Денис Истомин – Сумит Нагал (Ҳиндистон). Ҳиндистонлик Сумит Нагалга қарши кечган муросасиз беллашувда вакилимиз 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Вакилимиз иккинчи сетда ғалаба қозониб, учрашувда бироз бурилиш ясагандек бўлди, бироқ ҳал қилувчи сетда ҳиндистонлик ракетка устасига омад кулиб боқди.

Велоспорт. Муроджон Холмуродов шосседаги гуруҳ пойгасида 234 км масофада баҳс олиб боради. 130 нафарга яқин спортчи стартга чиққан беллашувда вакилимиз 64-бўлиб маррага етиб келди. Қайд этиш жоиз, иштирокчиларнинг ярми ушбу пойгада финишга етиб кела олмади.

 

Қиличбозлик. Малика Ҳакимова – Йивен Сун (Хитой). Шпага қуролида жанг олиб борган Малика Ҳакимова хитойлик Йивен Сунга қарши баҳс олиб борди. Қизиқарли кечган беллашувда хитойлик қиличбоз 15:10 ҳисобида ғалаба қозонди.

Бокс. Шаҳноза Юнусова – Каролина Косевска (Польша). Боксчимиз Шаҳноза Юнусовага польшалик Каролина Косевска рақиблик қилди. Ёш вакиламиз тажрибали боксчига қарши муносиб жанг қилди. Бироқ якунда польшалик боксчи ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олди.

Дзюдо. Шарофиддин Лутфиллаев – Артём Лесиук (Украина) / Хосе Рамос (Гватемала). Бироз аввал дзюдо беллашувларининг -60 кг вазн тоифасида Шарофиддин Лутфиллаев украиналик Артём Лесиукка қарши курашди. Муросасиз кечган беллашувда Шарофиддин Лутфиллаев кутилмаганда вазари баҳоси билан имкониятни бой бериб қўйди ва Олимпиадани эрта тарк этди.

Бокс. Санжар Турсунов – Абдулхафид Бенчабла (Жазоир). Жазоирлик Абдулхафид Бенчаблага қарши рингга кўтарилган вакилимиз тенг курашлар остида кечган жангда кичик фарқ билан мағлубиятга учради. Иккинчи раундни ўз устунлигида ўтказа олган Турсунов қолган раундларда ташаббусни бой бериб қўйди.

Спорт гимнастикаси. Эркаклар ўртасидаги спорт гимнастикаси бўйича ўтказилган баҳсларда иштирок этган ҳамюртимиз Расулжон Абдураҳимов ўз чиқишини якунлади. У 79.064 очко жамғарган ҳолда 66 спортчи орасида 49-ўринни эгаллади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!