Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинлари бошланишига оз қолди, атлетларимизда қанча йўлланма нақд?

Аввал хабар берганимиздек, бугун пойтахтимиздаги “HILTON” меҳмонхонасида “Спорт ҳамма учун” лойиҳаси доирасида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни паралимпия спорт турлари билан кенг қамраб олиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамиятга интеграция қилиш мавзусида конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов ҳам иштирок этди. Вазирлик матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда Азиз Абдуқаҳҳарович оммавий ахборот воситалари ходимларига тобора яқинлашиб келаётган Токио-2020 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига мамлакатимиз спортчилари томонидан шу кунга қадар қанча йўлланма қўлга киритилганлиги ҳақидаги маълумотларни тақдим этди.

“Айни пайтга келиб Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига мамлакатимиз спортчилари 73та лицензияни қўлга киритишган бўлса, паралимпиячиларимиз томонидан 43та лицензия нақд қилинган. Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаевнинг маълум қилишича, ҳали Паралимпия ўйинларига саралаш жараёни давом этмоқда ва йўлланмалар сони яна ошиши мумкин”, - деб таъкидлади Туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов.

Таққослаш учун, Рио-2016 Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини атиги 32 нафар спортчимиз ҳимоя қилишган эди. Кўриниб турибдики, мамлакатимизда паралимпия спорти жадал ривожланиб бормоқда ва бунинг самараси рақамларда ҳам ўз аксини топмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!