"Токио-2020". Ўзбекистон байроқдорлари ўзгарди
Хабарингиз бор, бугун Япониянинг Токио шаҳрида XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Олимпиада стартига бир кун қолганда Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари ўзгартирилди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) бош котиби Ойбек Қосимов маълум қилди.
Қосимовнинг айтишича, байроқдорларимиз таэквондочи Нигора Турсунқулова ва боксчи Баҳодир Жалолов бўлади.
"ХОҚ тавсиясига кўра, ҳар бир давлатдан бир аёл ва бир эркак номдор спортчи байроқдор бўлади. Ўзбекистон байроқдорларини танлашда авваламбор ҳар бир спорт тури бўйича мусобақалар жадвали, қолаверса барча делегатлар ва спортчиларнинг фикрини инобатга олган ҳолда, бу вазифа боксчи Баҳодир Жалолов ва таэквондочи Нигора Турсунқуловага ишониб топширилди", - деди МОҚ бош котиби.
Аввалроқ МОҚ Токиодаги Олимпия ўйинларида Ўзбекистоннинг байроқдорлари бадиий гимнастикачи Оксана Чусовитина ва боксчи Бобоусмон Ботуров бўлиши ҳақида маълум қилганди.
Фикрлар