Томошабинлар ташрифи ҳаттоки 200 га етмайди ёхуд Суперлигада мухлисларнинг оқими ҳақида

CHERY AUTO

Суперлигада ўйинлар қизиган палласида. 10-турни ҳам ўтказдик ва олдимизда 11-тур беллашувлари кутмоқда. Мухлисларнинг севимли жамоалари қайд этаётган натижалар эса ҳар доим ҳам хурсанд қиладиган эмас. Футболда албатта кимдир ютади, кимдир ютқазади. Мухлис эса ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоасига далда бўлади ва қўллаб-қувватлайди.

Tecno

Айни пайтда “Андижон” энг кўп мухлис йиғиш бўйича пешқадам бўлиб турибди. Ҳар бир турда ишқибозларнинг ташрифи борасидаги кўрсаткичлар кўпчиликнинг эътиборида бўлади. Ортда қолган 10-турда ҳам мухлислик бўйича статистик рақамлар турлича.

Бу турда энг оз ишқибоз “Хоразм” – “Машъал” баҳсида кузатилди. 3:0 ҳисобида урганчликларнинг ғалабаси билан якун топган беллашувга бор йўғи 179 нафар мухлис йиғилди. Бунга сабаб шуки, “Хоразм” реконструкция сабабли ўз майдонидан фойдалана олмаяпти. Шунинг учун номинал мезбон сифатида ҳозирга қадар “Дўстлик”, ОКМК, “Бунёдкор” ва “Сўғдиёна” стадионларидан фойдаланиб келмоқда. Айнан Жиззахдаги баҳсда улар “Машъал”ни йирик ҳисобда енгишди. “Хоразм”нинг ўйини эса жиззахлик мухлисларга қизиқ эмас. Уларни ўз суюклилари бор. Балки шу сабабли ҳам “Хоразм”нинг номинал мезбон сифатидаги учрашувларида томошабинлар ташрифи нари борса максимум 700-800 нафар мухлисни ташкил етяпти. 10-турда эса “Хоразм”нинг номинал мезбон сифатидаги ўйинига энг кам ишқибоз тўпланди ва бу ҳатто 200 тага ҳам етмади.

Энг кўп мухлис турнинг марказий учрашуви ҳисобланган ОКМК – “Нефтчи” ўйинида тўпланди. 8315 нафар ишқибоз ушбу баҳсни бевосита стадионда томоша қилди. Айтиш мумкинки, Олмалиқдаги аренага келган мухлислар футболдан завқ олишди. Қолаверса, Фарғонадан ҳам мухлисларнинг келгани стадионда умумий ташриф рақамининг ошишига сабаб бўлди. Шунингдек, андижонлик фанатлар ҳам олис Ғузорга бориб севимли жамоасини қўллаб-қувватлаб келдилар.

Эътибор берган бўлсангиз, агар водий клублари ўз уйида ўйнаганида томошабинлар сони янада кўпайган бўлиши муқаррар эди. Тўғри, қўқонликлар бу турни ўз майдонида ўтказишди. Лекин ҳали у ерда томошабинлар ташрифи борасида тан олиш керак, “Андижон”, “Нефтчи” ва “Навбаҳор”нинг фанатлари билан тенглашиши қийинроқ. Бироқ Қўқонда ҳам ишқибозларнинг оқими кўпаймоқда ва “Қўқон-1912”нинг уйида “Насаф” билан ўйинини 4150 нафар мухлис кузатиб борган. Умумий ҳисобда 10-турдаги 8 та учрашувда стадионларга жами 31186 нафар ишқибоз келган.

“Сурхон” – “Сўғдиёна” – 2:1. 2814 томошабин.

“Бухоро” – “Динамо” – 2:2. 2110 томошабин.

“Қўқон-1912” – “Насаф” – 0:2. 4150 томошабин.

“Шўртан” – “Андижон” – 1:0. 4186 томошабин.

“Бунёдкор” – “Навбаҳор” – 2:3. 1899 томошабин.

“Хоразм” – “Машъал” – 3:0. 179 томошабин.

“Қизилқум” – “Пахтакор” – 0:3. 7533 томошабин.

ОКМК – “Нефтчи” – 2:2. 8315 томошабин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Адхамжон Низомов
21/05/2025 13:29
Халол хакамлик ва тоза уйин булса тушадида уйинга.Куряпмиз хакамларни водий жамоаларини чопишларини.Энг кизиги,хакамлар номаълум муддатга четлатилди.Хе уша чикарган карорларинга отни култиги.