Тони Кроос Мадридда футбол клуби очади

"Реал" клуби ва Германия терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Тони Кроос Мадридда янги футбол клуби очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Marca нашри хабар бермоқда.

Манбага кўра, клубга футболчи - Тони Кроос номи берилади. Маълум қилинишича, у ёш болаларга мўлжалланган.

Кроос сўнгги бир неча ҳафта ичида ушбу масала юзасидан Мадрид Қироллик футбол федерацияси ва “Энcинас де Боадилья” спорт клуби расмийлари билан музокаралар олиб борган.

Эслатиб ўтамиз, Крооснинг профессионал фаолиятидаги сўнгги учрашуви 2024 йилги Европа чемпионатида бўлиб ўтган. Ўшанда мусобақанинг чорак финалида Германия терма жамоаси Испания терма жамоаси билан тўқнаш келган ва 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган эди.

Ярим ҳимоячи клубдаги фаолияти давомида 754 та ўйин ўтказиб (73 гол ва 166 голли узатма) 33 та совринни қўлга киритган. Шунингдек, Кроос Германия терма жамоаси сафида 113 та учрашувда иштирок этган (17 гол ва 21 голли узатма). Германиялик ярим ҳимоячи 2014 йилда жаҳон чемпиони бўлган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!