Тўпурар легионеримиз алмаштириб бўлмас футболчи экан!
Қозоғистон премьер-лигасида якунланган мавсумда энг кўп учрашув ўтказган футболчилар аниқланди.
Қўшни мамлакат юқори дивизионида жами 14 жамоа ўзаро рақобатлашади. Ҳар бир клуб икки даврали тизимда 26 тадан ўйинда майдонга тушади.
KazFootball.kz сайти хабарига кўра, 2022 йилги мавсумда фақат тўрт футболчи барча учрашувларда майдонга тушган.
Бироқ, улар ҳам ўйин давомида захирага олингани учун ҳеч кимга тўлиқ ўйнаш насиб қилмаган.
Мусобақа жадвалида саккизинчи ўринни эгаллаган “Каспий” жамоасида икки нафар футболчи барча учрашувларда иштирок этган. Украиналик ҳимоячи Тарас Бондаренко чемпионат ўйинларида жами 2087 дақиқа тўп тепган ва бирор самарали ҳаракатни амалга оширмаган. Асосий эътиборини ҳимояланишга қаратган.
Жамоанинг россиялик легионери Павел Киреенко 26 та учрашувда 2137 дақиқа ҳаракат қилиб, иккита гол ва тўртта ассист муаллифи бўлди.
Совринли ўринлардан бир поғона пастда – тўртинчи ўринда жойлашган “Қайрат” клубининг 2217 дақиқа ичида рақиблар дарвозасини 11 маротаба ишғол қилиб, жамоадошларини етти марта голли пас билан таъминлади. Бу футболчи чемпионат тўпурарлари баҳсида ҳам кучли учликдан четда қолиб, тўртинчи бўлди.
Ниҳоят, “Тобол” шарафини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев ҳам алиштириб бўлмас ўйинчилар қаторида қайд этилди.
Сергеев 26 та баҳсда 1733 дақиқа тўп тепди. Бу вақт ичида ўз ҳисобига тўққизта гол ва иккита ассист ёздириб қўйди. Легионеримизнинг голлари жамоасига бронза медаль келтирди.
Бундан ташқари, Игорь Сергеев Қозоғистон кубогида иккита учрашув икки мароратаба ўйнаб, “кўҳна қитъа”нинг энг нуфузли турниридаги голлари ҳисобини очишга муваффақ бўлди.
“Пахтакор” тарбияланувчиси бўлган 29 ёшли ҳужумчи 2021 йилнинг бошидан бери Қозоғистон чемпионатида тўп тепмоқда. Дастлаб, “Актобе” сафига кўчиб ўтган ҳамюртимиз ярим мавсумдан кейин “Тобол” сафига қўшилди.
Игорь Сергеев ўтган мавсумда “Тобол” сафида Қозоғистон чемпиони бўлди. Чемпионлик мавсумининг иккинчи ярмидан кустанайликлар сафига кўчиб ўтган легионеримиз еттита учрашувда рақиблар дарвозасини тўрт маротаба ишғол қилган эди.
Бундан ташқари, Игорь Сергеев Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 67 та беллашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 19 та гол ёздириб қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, айни пайтда Игорь Сергеевга Россия премьер-лигаси вакили “Торпедо”дан жиддий таклиф бўлмоқда. Агар музокаралар муваффақиятли якунланча, ҳамюртимиз Москва клубига кўчиб ўтиши мумкин.
Фикрлар