Тўпурар легионеримиз Премьер-лигада ҳам порлай бошлади!

Қозоғистон Премьер-лигасида иккинчи тур якунланди. Жорий мавсумда қўшни мамлакат чемпионатида уч нафар футболчимиз икки жамоа шарафини ҳимоя қилмоқда.

Қувонарли томони, Бобур Абдухолиқов ва Шаҳбоз Умаровни трансфер қилган “Ордабаси” ҳам, Игорь Сергеев учинчи мавсумини бошлаган “Тобол” ҳам бу йил чемпионлик учун курашмоқда.

63f9ebad12c2b (1)

Иккинчи тур якунига кўра, “Ордабаси” юз фоизлик натижа  кўрсатаётган бешта жамоадан бири ҳисобланади ва тўплар нисбатидаги устунликка кўра, биринчи ўринга чиқиб олди. Шимкентликлар бу гал “Шахтёр” майдонидан 4:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди. Бошланғич таркибда ўйнаган Бобур Абдухолиқов ассист қайд этди.

Захирадан ўйинга қўшилган Шаҳбоз Умаров эса, ўзи ишлаган пенальтини аниқ бажариб, Қозоғистон чемпионатидаги голлари ҳисобини очди.

Игорь Сергеев ўйнаётган “Тобол” ҳам сафар учрашувидан уч очко билан қайтди. Кустанайликлар Алматида “Каспий” жамоаси меҳмони бўлиб, кичик ҳисобда зафар қучди. “Тобол”га ғалаба келтирган ягона голни беллашувнинг 65-дақиқасида айнан Игорь Сергеевнинг ўрнига майдонга тушган ивуарлик ҳужумчи Серж Дебле  урди.

Қозоғистоннинг нуфузли нашрларидан Sports.kz портали Премьер-лиганинг иккинчи турида ўзини кўрсатган футболчилардан рамзий терма жамоа тузиб чиқди. Бу жамоа қуйидагича кўриниш олди:

Дарвозабон: Максим Плотников (“Каспий”).

Марказий ҳимоячилар: Абзал Бейсебеков (“Астана”), Мамаду Мбодж (“Ордабаси”), Боян Младович (“Тобол”).

Ўнг қанот ярим ҳимоячиси: Андрия Филипович (“Актобе”).

Марказий ярим ҳимоячилар: Игорь Стасевич (“Атирау”), Асхат Тагиберген (“Ордабаси”).

Чап қанот ярим ҳимоячиси: Максим Самородов (“Актобе”).

Ҳужумкор футболчи: Серикжан Мужиков (“Тобол”).

Ҳужумчилар: Бобур Абдихолиқов (“Ордабаси”), Жоао Пауло (“Қайрат”).

Бош мураббий: Милич Чурчич (“Тобол”).

500_640c3ae83470d

Ушбу рамзий терма жамоани тузган Sports.kz портали Бобур Абухолиқовнинг иккинчи турдаги ҳаракатларини қуйидагича таърифлади.

- Бобур майдонда ўйнаган вақти давомида “Шахтёр” дарвозасини хавф остида ушлаб турди. Ҳисоб очилишига олиб келган комбинацияда қатнашди, иккинчи тўп киритилган вазиятда жамоадошига голли пас узатди, ўзининг зарбаси устунга тегиб қайтди ва бир неча маротаба яхши вазиятлар ярата олди, - деб ёзмоқда Sports.kz портали.

Қозоғистон Премьер-лигасининг учинчи тур учрашувлари 14-15 март кунлари ташкил этилади. “Ордабаси” 14 март куни чемпионат аутсайдерларидан бири “Жетису” жамоасини қабул қилади. Шу куни “Тобол” футболчилари ўз мухлислари кўз ўнгида Қарағанданинг “Шахтёр” жамоасига қарши саф тортади.

Шомуродов нега “Лилль”, “Эвертон”, “Вальядолид” ва “Байер” таклифини қабул қилмади?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!