Циндао “Мастерс” турнирида Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси нечанчи ўринни қайд этди?

Циндао “Мастерс”. Японияда ўзида тенгсиз бўлди, Ўзбекистон ТОП-15га кирди

Уч кун давомида Хитойнинг Циндао шаҳри мезбонлик қилган йилнинг сўнгги нуфузли мусобақаси якунланди.

“Мастерс” сериясига кирувчи, мукофот жамғармаси 300 000 АҚШ долларини ташкил қилувчи ушбу мусобақада дунёнинг 67 давлатидан энг сара дзюдочилар турнир медаллари ҳамда Токио-2020 Олимпиадасининг муҳим рейтинг очколари учун баҳс олиб боришди. Циндао “Мастерс” турнирида Ўзбекистон терма жамоасининг 11 нафар аъзоси юртимиз шарафини ҳимоя қилди.

Хабар берганимиздек, Циндао татамилари икки дзюдочимизга мусобақанинг бронза медаллари билан бирга 468 рейтинг очкосини тақдим этганди. Жаҳон чемпионати совриндори Шарофиддин Лутфуллаев ҳамда ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Диёра Келдиёрова ўз вазн тоифаларида шохсупага кўтарилишди.

Циндао “Мастерс” якунига кўра умумжамоа ҳисобида медаллар жамғариш бўйича Япония терма жамоаси катта устунлик билан биринчи ўринни эгаллади. Дзюдо ватани вакиллари 5 та олтин, 2 та кумуш, 5 та бронза медалини қўлга киритишди.

Иккинчи ўриндан жой олган Голландия терма жамоаси 3 та олтин, биттадан кумуш ва бронза медали билан уйга қайтадиган бўлди. Кучли учликка 1 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза медали билан Франция терма жамоаси якун ясади. Грузия, Италия, Косово, Бельгия ва КХДР дзюдочилар эса биттадан олтин медалга эга чиқишди.

Йигирма уч давлат дзюдочилари камида битта бронза медали билан тақдирланишди. Ўзбекистон терма жамоаси 2 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 15-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!