U-23 Осиё кубоги. Ливан қандай жамоа?
Кеча Саудия Арабистони яшил майдонларида 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги бошланди. Очилиш ўйинида мезбон Саудия Арабистони Қирғиз Республикасига қарши майдонга тушиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. “А” гуруҳининг яна бир учрашувида эса Вьетнам Иорданияни 2:0 ҳисобида мағлуб этди.
7 январь куни “B” ва “C” гуруҳларидан ўрин олган ўйинлар бўлиб ўтади. Хусусан, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Тошкент вақти билан соат 19:00 да “Prince Faisal Bin Fahd” стадионида Ливан билан куч синашади. Ундан аввал эса гуруҳимиздаги Корея Республикаси ҳамда Эрон терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.
Ливан U-23
Ливан U-23 терма жамоаси ушбу турнирда илк бор иштирок этмоқда. Бу — Ўзбекистон ва Ливан ёшлар терма жамоалари ўртасидаги Осиё кубогидаги илк расмий учрашув бўлади.
Саралаш босқичида рақибимиз “F” гуруҳидан муваффақиятли тарзда финал босқичига йўл олди. Улар Малайзия, Таиланд ва Мўғулистон жамоаларига қарши ўйинлар ўтказиб, йўлланмани қўлга киритди.
Натижалар:
Малайзия — Ливан 0:1
Ливан — Таиланд 2:2
Ливан — Мўғулистон 3:0
Жамоа таркибида хорижда тўп сураётган футболчилар ҳам бор. Умуман олганда, 7 нафар легионер мамлакат шарафини ҳимоя қилмоқда.
Жамоанинг бош мураббийи — Жамал Таха.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси
U-23 Осиё кубоги тарихига назар ташласак, Ўзбекистон сўнгги тўрт турнирнинг учаласида финалга чиқди. Бир марта чемпионликни қўлга киритилган бўлса, икки бор кумуш медалга эга чиқилди. Сўнгги мусобақа эса футболимиз учун алоҳида тарихий воқелик бўлиб, Олимпиада йўлланмасини тақдим этгани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон U-21 терма жамоаси бу галги мусобақада асосан 19–21 ёшли футболчилар билан қатнашмоқда. Қайд этиш керак, бунда асосий урғу кейинги турнирга қадар футболчиларга Осиё кубоги тажрибасини тақдим этиш, режа асосида Олимпиада йўлланмасини берувчи турнирга тизимли тайёргарлик кўришга қаратилган.
Жамоамиз турнир олдидан сўнгги босқич йиғинларини 7 декабрдан Тошкентда бошлади. Миллий футбол марказида ўтказилган машғулотлар 22 декабрга қадар давом этди. Шундан сўнг терма жамоамиз Доҳага йўл олиб, машғулотларни давом эттирди. Йиғин доирасида Иордания ва Қатар U-23 терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ҳам ташкил этилди.
Мусобақа арафасида ўтказилган матбуот анжуманида бош мураббий Равшан Ҳайдаров шундай деди:
“Биз майдонга ишонч билан тушишни мақсад қилганмиз. Футболчиларга бу турнир катта футболга кўприк бўлиб хизмат қилишини айтдим. Яхши ният ва мақсадлар билан мусобақага келдик.”
Ўзбекистон гуруҳ босқичида, шунингдек, Эрон ва Корея Республикаси терма жамоаларига қарши ҳам баҳс олиб боради. Мазкур учрашувлар мос равишда 10 ва 13 январь кунлари бўлиб ўтади.
Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.



Фикрлар