УЕФА Чемпионлар лигасида жиддий ўзгариш бўлади

Nike компанияси Европа клуб мусобақалари учун расмий тўп етказиб берувчи мақоми бўйича УЕФА билан эксклюзив музокаралар олиб бормоқда.

Гап бир вақтнинг ўзида учта турнир — Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва Конференциялар лигаси ҳақида кетмоқда. Агар келишув амалга ошса, Америка бренди 2001 йилдан бери Чемпионлар лигаси учун тўп етказиб келаётган Adidas ўрнини эгаллайди.

New York Times нашри маълумотига кўра, янги ҳуқуқлар 2027-2028 йилги мавсумдан кучга киради ва 2031 йилгача амал қилади. Қарор 2026 йил март ойида бошланган тендер натижасида қабул қилинган.

УЕФА тасдиқлашича, клуб мусобақаларининг маркетинг ҳуқуқларини бошқарувчи UC3 қўшма корхонаси Nike билан эксклюзив музокаралар босқичини бошлашга келишиб олган.

Шу тариқа, Nike Европанинг энг нуфузли клуб мусобақасида Adidas компаниясининг 25 йиллик устунлигига барҳам беришга яқин турибди.

Шу билан бирга, Adidas 2026-2027 йилги мавсумда ҳам Чемпионлар лигаси учун тўп етказиб беришда давом этади, Kipsta (Decathlon) эса амалдаги шартномалар тугагунга қадар Европа лигаси ва Конференциялар лигаси учун тўп етказиб берувчи бўлиб қолади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!