
УЕФА Жаҳон ва Европа чемпионатлари саралаш форматини ўзгартириши мумкин
"The Times" нашрининг маълумотига кўра, УЕФА терма жамоалар бўйича қўмитасида Жаҳон чемпионати ва Европа чемпионати саралаш босқичлари форматига ўзгартиш киритиш масаласини ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузилди.
Гуруҳ бир нечта турли тизимларни кўриб чиқади. Хусусан, Миллатлар лигасини саралаш турнири сифатида қўллаш ёки швейцарияча моделни жорий этиш вариантлари муҳокама қилинмоқда. Шу турдаги формат ўтган мавсумдан бошлаб Европа кубокларида қўлланилмоқда.
Бу режалар ҳақида икки ҳафта аввал Малагада бўлиб ўтган 55 та Европа федерацияси бош котиблари учрашувида маълум қилинган.
"Саралаш босқичи учрашувларида трансляция даромадлари ва мухлислар қизиқиши камаймоқда, аммо Миллатлар лигасида аксинча ўсиш кузатилмоқда. Бу масала аввал ҳам муҳокама қилинган, лекин йирик терма жамоаларга муаммо яратмаган, рақобатбардош ва шу билан бирга кичик жамоаларга ҳам имконият берувчи тўғри формулани топиш жуда қийин", — дейди вазиятдан хабардор манба.
Комментарии