УЕФА нега "Фейеноорд"дан узр сўради?
УЕФА Конференциялар лигаси финалига чипталар аллақачон сотилиб бўлган, бироқ бу финал учрашувини стадиондан томоша қилиш истагидаги мухлисларнинг талабини қаноатлантира олмади.
Ҳал қилувчи ўйинда иштирок этадиган “Фейеноорд” клуби расмий сайтидаги баёнотга кўра, УЕФА чипталар билан юз берган хатолик, яъни клуб мухлисларининг финалга чипта сотиб олиш имконияти қолмагани учун узр сўраган.
"УЕФА бугун бўлиб ўтган йиғилишда "Фейеноорд"га Конференциялар лигаси финали учун қўшимча чипталар сотилмаслигини маълум қилди, чунки ушбу ўйинга чиқарилган барча чипталар аллақачон сотиб бўлинган.
Ушбу суҳбат давомида Европа футбол ассоциацияси кеча ташкилот веб-сайтида мавжуд 8500 та чиптанинг сотуви бошланиш аввал белгиланганидек 12:00 да эмас, балки соат 14:00 да бошлангани учун узр сўради.
Оқибатда мухлисларимиз чипталар сотувида иштирок эта олмади ва биз зудлик билан УЕФАга сотув тартибини тиклашни талаб қилиб, шикоят қилдик.
Бироқ, УЕФА ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтди, чунки бу биринчи навбатда мезбон мамлакат ва унинг фуқароларига қаратилган онгли жараёндир.
УЕФА маълумотларига кўра, чипталар сотиш жараёни муваффақиятли бўлгани. Чунки якунда чипталарнинг 89 фоизи Албания фуқаролари томонидан, 11 фоизи эса бошқа 20 мамлакат фуқароларидан харид қилинган.
Натижада, бу финал учрашувига "Фейеноорд" мухлисларидан кўра "Рома" мухлислари кўпроқ чипталар сотиб олишга муваффақ бўлишди", - дейилади Нидерландия гранди берган баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, “Рома” ҳамда “Фейеноорд” жамоалари ўртасидаги Конференциялар лигаси финали 25 май куни Албания пойтахти Тирана шаҳридаги “Арена Комбетаре” стадионида бўлиб ўтади. Ушбу ўйингоҳ ўз бағрига 21 минг 690 нафар мухлисни сиғдира олади.
Фикрлар