"Ульсан" ОЧЛ-2020 чемпиони!
Осиё Чемпионлар Лигаси финал учрашуви якунига етди. Ҳал қилувчи баҳс "Персеполис"-"Ульсан" жамоалари ўртасида кечди. Қатардаги "Ал-Жануб" стадионида кечган учрашув номинал меҳмонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Ҳисоб 45-дақиқада форслар ҳужумчиси Мехди Абди томонидан очилди. Ҳимоячиларнинг хатосидан кейин тўпни олиб қўйган Башар Расан шеригини тўп билан таъминлади. Жарима майдонига кириши билан зарба берган эронлик форварднинг уринишини дарвозабон қайтара олмади.
Бироқ биринчи таймга қўшиб берилган дақиқаларда майдон эгалари дарвозаси томон пенальти белгиланди. Тўп қаршисига келган Жуниор Негаонинг зарбасини дарвозабон қайтарди. Такрорий уриниш билан унинг ўзи тарози паллаларини тенглаштирди. Иккинчи бўлимда фаолликни давом эттирган корейслар яна 11 метрлик жарима зарбасига эга бўлди. Бу сафар Жуниор мўлжалда адашмади.
Шу тариқа, "Ульсан" ўз тарихида иккинчи бор Осиё Чемпионлар Лигасида зафар қучди. Биринчи чемпионлик 2012 йилда қўлга киритилган.
Фикрлар