Умар Эшмуродов: "Ҳозирги мақсадим клубим билан яхши натижа кўрсатиш ва терма жамоамизга ЖЧнинг саралашида ёрдам бериш"

Шу йилнинг бошида “Насаф” клубидан Малайзиянинг “Селангор” жамоасига кўчиб ўтган ва илк бор легионерга айланган ҳамюртимиз Умар Эшмуродовнинг айни пайтда у ердаги ҳаёти ва фаолияти қандай кечмоқда?

Қуйида Sports.uz мухбирининг Умарга клуби ва терма жамоа ҳақида берган саволларига қандай жавоб берганини ўқишингиз мумкин.

- Умаржон, "Селангор" клубидаги фаолиятингиз қандай давом этяпти? Яъни, дебют мавсумингизни қандай тасаввур қилгандингиз? Бу борада нималар ўхшади ва нималар ўхшамади?

- Бизда ҳали чемпионат ва Кубок ўйинлари давом этяпти. Малайзияда олдин чемпионат худди Ўзбекистонга ўхшаб март ойида бошланиб, декабрда тугатишган. Энди августда бошлаб, май ойида тугатишмоқчи. Шунинг учун бу йил чемпионат эртароқ бошланди ва кейинги йилнинг май ойида тугайди.

- Ҳимоячи сифатида у ердаги ҳужумчиларнинг даражаси ҳақида нима деган бўлардингиз? Масалан, маҳаллий ва легионер ҳужумчилар борасида.

- Савия ёмон эмас. Ҳар бир жамоада ўзига яраша кучли ҳужумчилар ва ҳужумкор футболчилар бор.

- Адашмасам, у ерда ҳам 92-рақамда тўп суряпсиз. Бу рақам бўшмиди?

- Рақамимни ўзгартиришни хоҳламадим. Бу рақам туғилган йилимнинг охирги икки сони. Бундан бошқа ҳеч нарсани англатмайди.

- Миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2026 учинчи саралаш босқичидаги рақиблар аниқланди. Қайси рақибларни кутгандингиз? Умуман, қандай фикрдасиз?

- Албатта, рақиблар жиддий ва қуръадан олдин кимдир бизни гуруҳга тушсин, кимдир тушмасин деганим йўқ. Шунчаки, қуръани кузатиб, гуруҳимизни билиб олдим. Бу гуруҳ терма жамоамизга фақатгина жойлашув нуқтаи назаридан қулайроқ. Гуруҳдаги ҳамма давлатга битта рейс орқали бориб келиш имкони бор ва бу жуда муҳим жиҳат.

- Яна Эрон билан тўқнаш келишимизни ўйлаганмидингиз?

- Йўқ, ўйламагандим, бу босқичда. Ҳаммаси яхши терма жамоалар. Шунинг учун тайёргарликни яхши қилиб, ким билан бўлса ҳам асосий мақсад жаҳон чемпионатига чиқиш учун ўйнаш керак.   

- Малайзиядаги фаолиятингиз орқали сизни хизматингизга қизиқиш билдираётган жамоалар борлиги ҳақида эшитмоқдамиз. Шу ростми?

- Жамоам билан шартномам бор. Ҳозир асосий мақсадим жамоам билан мавсум якунигача яхши натижа кўрсатиш ва терма жамоамизга ушбу саралаш босқичида ёрдам бериш.

- "Селангор" агар Суперлигамизда қатнашса қайси ўрин учун курашган бўларди, деб ўйлайсиз?

- Жамоамнинг савияси ёмон эмас. Менимча, совринли ўринлар учун курашган бўларди.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!