Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги делегация спорт фестифали учун Нукусга етиб борди

Эртага Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳрида «1-июнь болаларни ҳимоя қилиш куни»га бағишланган катта спорт фестивали ўтказилади.

Ушбу фестивал доирасида турли спорт тадбирлари ташкил қилиниши, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига президент совғаси тақдим этилиши кўзда тутилган. Асосий тантаналар шаҳар марказидаги «Турон» стадионида бўлиб ўтади.

Соат 19:00 да бошланадиган тадбирда эстрада хонандалари ўз чиқишлари билан йиғилганларга юқори кайфият тақдим этадилар. Шунингдек, спортчи ва машҳур қўшиқчилар мактабгача таълим муассасаси ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига, футбол фестивали, велопойга ва марафон иштирокчиларига президент совғаларини улашадилар. Соат 20:00дан сўнг Азамат Абдураимов бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти футболчиларидан ташкил топган футболчиларга қарши кураш олиб боради.

Ушбу спорт байрамида иштирок этиш учун ўзбек эстрадасининг таниқли юлдузлари ҳам Нукусга етиб боришган. Бугун делегация аъзолари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан жўнаб кетишганди. Уларни Нукус аэропортида спорт жамоатчилиги ва миллий либосдаги қизлар кутиб олишди.

Тадбирда шунингдек, ўзбек футболи юлдузлари Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров, Достон Ҳамдамов ва Жамшид Искандеровлар ҳам иштирок этади. Қолаверса, мураббий Равшан Ҳайдаров ҳам делегация билан бирга Нукусга етиб борган. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!