Умид Аҳмаджонов Токиода учрашув ўтказади, шунингдек, Москвада FIFA конгрессида иштирок этади
Ads

 

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Токио-2020 Олимпиадаси ташкилий қўмитаси раҳбарлари билан учрашиш учун Японияга йўл олди.

Японияда Умид Аҳмаджонов Токиода Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ўтказиш Вазири Тошиаки Эндо билан учрашади. Учрашув давомида Олимпиадага тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинади. Шунингдек, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти Япония миллий олимпия қўмитаси президенти билан ҳам учрашиши кўзда тутилган. Ушбу учрашувда икки мамлакат Олимпия ўйинлари ҳаракати доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, Олимпия спорт турларининг ривожи йўлидаги ислоҳотлар муҳокама қилинади.

Ўзбекистонлик спортчилар Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига жиддий тайёргарлик кўришмоқда. Футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси олдига Токио-2020га йўлланмани қўлга киритиш бош вазифа қилиб қўйилган бўлса, бошқа спорт турларида Олимпия ўйинларида совринли ўринларни, олтин медалларни қўлга киритиш асосий мақсад ҳисобланади. Япония сафари давомида бу борадаги амалга оширилаётган ишлар бўйича ўзаро фикр алмашилади.

Кейин эса 8 июнь куни Умид Аҳмаджонов Москвага йўл олади. У ерда FIFA конгрессида иштирок этиб, Жаҳон чемпионати олдидан турли ташкилий масалалар муҳокама қилинади. FIFAнинг бутун дунёда футбол ривожи бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисоботи тингланади.

14 июнь куни эса Умид Аҳмаджонов юқори мартабали меҳмонлар қаторида ЖЧ-2018нинг очилиш ўйини бўлган Россия – Саудия Арабистони учрашувини “Лужники” стадионидан томоша қилиб, кейин юртимизга қайтиб келади.