Уругвай терма жамоаси устози АҚШ мезбонлик қилаётган Америка кубоги ташкилотчиларини қаттиқ танқид қилди
Уругвай терма жамоаси бош мураббийи Марсело Бьелса шу кунларда АҚШда бўлиб ўтаётган Америка кубоги-2024 мусобақасининг ташкилий ишларини танқид қилди.
“Бизга майдонлар мукаммал ҳолатда, дейишганди ва буларнинг барчаси ёлғон бўлиб чиқди. Улар матбуот анжуманида майдонлар ажойиб деб айтишганди.
Улар машғулот учун мукаммал шароит яратилганини айтишди, лекин Боливия машғулот ўтказа олмади, менда ҳаммаси ёлғон эканлигини исботловчи фотосуратлар бор.
Мен айтмасликка ваъда берган ҳамма нарсани айтдим, энди таҳдидлар бўлиши мумкин. Бир марта Скалони майса яроқсиз деб айтишга журъат этди ва бу машҳур хатога айланди.
Америкаликлар сизга: "Мен сизга мукаммал майдонни бераман" демайди. Улар сизга: “Мен сенга уч кун олдин қилинган майдонни бераман”, дейишади.
Машғулот базалари эса ҳақиқий фалокат. Боливия машғулот ўтказа олмади, лекин улар: "Ҳаммаси яхши, ахир бу Боливия", - дейишди”, - деди Бьелса ESPN нашрига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, Уругвай терма жамоаси ушбу Америка кубогида ярим финалда Аргентинага имкониятни бой берди ва эртага Канадага қарши 3-ўрин учун майдонга тушади.
Фикрлар