Усмон Тошев: "Сизга Россия терма жамоаси мураббийи тўғри айтибди..."
Маълумки, айни пайтда Ўзбекистон ҳамда Россия терма жамоаларининг ўзаро ўртоқлик учрашувини ўтказиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Агар бу ростдан ўз тасдиғини топса, яхшигина ажиотаж бўлиши аниқ.
Биз ҳам мазкур беллашувнинг ташкил этиш эҳтимоллари қанчалик эканлиги юзасидан журналистик суриштирувлар ўтказишга интиляпмиз.
Куни кеча Россия терма жамоасининг мураббийлар штабида ишлаётган Виталий Кафанов билан боғланиб, ундан бўлажак баҳс ҳақида сўраганимизда режалаштириляпти, деган жавобни айтган ва энди бундан хабардорсиз. Чунки бу хусусида сайтимиз орқали ёзиб ўтдик.
Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, биз ўзимизникиларнинг ҳам бу борадаги жавобини эшитишимиз жуда муҳим эди. Чунки музокаралар ҳозир қай даражада ёки икки томон келишувга эришиб бўлганми? Ҳозирча расман тасдиқланмаган, фақат бўлиши мумкин дейиляпти. Шулардан келиб чиқиб, биз Ўзбекистон футбол ассоциациясининг терма жамоалар бўлимида фаолият олиб бораётган мутахассис Усмон Тошев билан боғландик.
- Усмон Қудратович, охирги пайтларда Ўзбекистон ҳамда Россия терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкил этилиши борасида хабарлар тарқалди. Бу масала бўйича Россия терма жамоаси бош мураббийининг ёрдамчиси билан алоқага чиққанимизда, режалаштириляпти деди. Бу ўйинни амалда ташкил этиш имкониятлари қандай?
- Биз ҳам гаплашяпмиз. Айрим масалалар борки, уларни маслаҳатлашиб олишимиз керак. Лекин музокара кетяпти, 20 ноябрда ўйнамоқчимиз. Бир-иккита пунктлар ҳал бўлса, ўйин бўлади. Улар билан музокара давом этяпти. Ташкилий масалаларда айрим саволлар бор, ҳаммасини ҳал қилиб олсак...Ҳали вақтимиз бор. Насиб бўлса, Россия терма жамоасига қарши Тошкентда ўйин бўлиши мумкин.
- Шунингдек, Босния ва Герцеговина термасига қарши ҳам учрашув ташкиллаштирилиши мумкин, деб эшитдик...
- Йўқ, бундай эмас. 16 ноябрда Қозоғистон билан ўйнаймиз. Россияликлар билан юқорида айтган айрим пунктларни келишиб олсак, 20 ноябрда ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Сизга Россия терма жамоаси бош мураббийининг ёрдамчиси тўғри айтибди, ҳозирча музокара олиб бориляпти.
- Демак, катта эҳтимол билан ўйин ўтказилиши мумкин экан-да?
- Ҳа, шундай.
Кўриб турганингиздек, биз ЎФАдан ҳам ниҳоят, ҳаммани қизиқтириб келаётган мавзу бўйича муносабат олдик. Ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек, Ўзбекистон – Россия терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилиши мумкин. Аммо эслатиб ўтамиз, ҳали бу тасдиқланмаган. Чунки Усмон Тошев айтганидек, музокаралар кетяпти ва ўзаро тил топишиш ва келишувга эришиш учун айрим пунктларни ҳал қилиш қолган. Бизнингча, тез орада барча масалага узил-кесил ойдинлик киритилади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар