Вадим Абрамовга ҳеч қачон етиб бормайдиган хат
Салом, Жаноб Абрамов! Мен ўзбек халқининг фарзанди, оддий бир журналист - Яҳёхўжа Улуғхўжаев сиз ҳеч қачон ўқимаслигингизни билсам ҳам хат ёзяпман. Ўйин тугаганига кўп бўлгани йўқ, аммо негадир юракдаги алам тарқамаяпти... Билмадим, Отабекнинг ўйиндан сўнг ҳўнграб йиғлагани, Хожиакбарнинг охиригача курашгани, Ойбекнинг кўзларидаги дард, Одилнинг сўнгги учрашуви ёки кўзи ожиз мухлиснинг қўнғироғи сабаб бўлдими кўзларимдан уйқу қочди. Шу боис, ўтириб сизга хат ёзишга қарор қилдим.
Биласизми, Ўзбекистон жуда катта мамлакат эмас, лекин халқининг юраги жуда кенг. Биз бундай мағлубиятларни ғилт этиб ичимизга индамай ютиб кетаверамиз. Бир неча соатдан сўнг сиз истеъфога чиқасиз. Буни ҳамма билиб турибди, лекин бугун қандай ухлайсиз? Менку майли, тонггача телбалардек хомуш ўтириб чиқсам керак. Сизчи, сиз? Қандай буни ҳазм қиласиз? Биламан, сиз чинакам «дипломат» одамсиз. Узр сўрашга ҳам улгурдингиз. Афсуски, бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
Эртага ҳам тонг отади. Эртага ҳамма яна ишга йўл олади, аммо бугун майдонда эгнидаги либос, ватан шаъни, миллат ғурури, иззат-нафс учун «жанг» қилган йигитлар олдидаги айбингизни қандай ювмоқчисиз? Бизку, ўрганиб кетдик, лекин Ўзбек футболининг янги авлодини 4 йиллик ширин орзуларидан маҳрум қилганингизни ҳеч ҳазм қила олмаяпман.
Мен аслида нималар бўлганини балки билмасман, ҳатто футболни сиз сингари чуқур тушунмасман, бироқ тан олинг, бугун жамоа эмас, сиз енгилдингиз. Сиз ватан шаънини ҳимоя қиладиган 90 дақиқани хорижлик «олифта»га бой бердингиз. Энг кулгилиси нима биласизми? Сиз фаолиятингиздаги энг катта «жанг»ни бой бердингиз, лекин энди жабрини биз тортамиз. Бугунги ўйинни мен билан бирга томоша қилган кичик жиянларим ҳозир ҳиқиллаб хонасига кириб кетди. Айтингчи, уларни ким овутади? Йўқ, жиянларимни қўйинг, бугун бутун оламда ўзини ёлғиз қолиб кетгандек ҳис қилаётган ватандошларингизни ким овутади? Сиз уларнинг ҳар бирига қўнғироқ қилиб кўнглини кўтара оласизми? Менимча, бунга йиллар кетади. Истасангиз ҳам қўлингиздан келмас экан. Бўлди, бўлди телефонингизни чўнтагингизга солиб қўйинг.
Ҳозир миллионлаб ватандошларимизнинг мен каби ичи бўм-бўш. Кимлардир чекка-чеккада кўз ёш тўкмоқда. Яна кимлардир бисотидаги бор сўзлар билан дардини тўкиб олишга жой излаяпти. Майли, сезиб турибман. «Бу номани ёзишингиздан мақсад нима?», деб ҳайрон бўларсиз. Эътибор берманг, мен шунақароқман. Кимнидир айбдор қилмоқчи эмасман. Шунчаки, сизга дилимдагиларни айтгим келди. Биламан, сиз ҳеч қачон менга жавоб қайтармайсиз. Бунга сизни тоқатингиз етмайди. Хатим чўзилиб кетган бўлса мени кечиринг. Аслида, сизга хайрли тун тиламоқчи эдим. Нега шунча гапни сизга айтдим ҳайронман. Айтимку, ғалатироқман. Эътибор берманг. Ширин тушлар кўринг, жаноб Абрамов. Биз энди анчагача ухлай олмасак керак...
Я . У
Фикрлар
Мен алам килаверганидан ичкарида вакилим булиши учун углимни футбол мактабига бериб тайёрлаб келдим хозир Локо 2 да уйнаяпди кеча шу бола кузимдан ёш чиккагини курди энди углимни Абрамовга ухшаган далбанлар кулига тушмаслик учун кийнги углимни шу муаммоларга карши курашадиган сферага бермокчиман БИЗ НИМА КИЛИБ БУСАЯМ ЖЧ ГА ЧКИШИМИЗ КЕРАК