Вагиз Галиулин: "Фарзандларимнинг бири футбол, яна бири хоккей билан шуғулланади. Ҳозир улар биланман"

Узоқ йиллардан бери Россия чемпионатида тўп суриб келаётган ҳамюртимиз Вагиз Галиулин яқинда “Нефтехимик” клубини тарк этди. 5 йил мобайнида мазкур жамоа шарафини муносиб ҳимоя қилиб келган футболчимиз ҳақида ушбу хабар барчанинг эътиборини тортгани аниқ.

Вагиз ўз клубининг том маънодаги етакчиси ва сардор эди. Лекин бошланган ишнинг якуни бўлганидек Галиулин ўзи учун қадрдон клубга айланган “Нефтехимик” билан хайрлашди.

Легионеримиз нима учун бундай қарорга келгани ва яна бошқа масалалар борасида Sports.uz журналисти билан мулоқот чоғида ўз фикрларини айтди.

“Кетиш вақти келганди”

- “Нефтехимик” клубидан кетдим. Аввало, бу клубга раҳмат. Ўша ерда шунча йил тўп сурдим. Яхши ва ёмон ўйинлар бўлди. “Нефтехимик” сафида 5 йил давомида жамоа сардори бўлиб ўйнадим. Ҳаммаси зўр эди. Аммо кетиш учун вақт келганди. Ўзим ҳам кетиш учун қарор қабул қилдим. “Нефтехимик” кўпроқ ёшларга эътибор қаратгиси келди. Ҳозирча Казандаман. Оилам билан дам оляпман.

“Муносабатлар аъло даражада эди”

“Нефтехимик” клубида менга жуда яхши аҳамият берарди. Клуб раҳбарияти билан ҳам ўртамиздаги муносабатлар аъло даражада эди. Шу боис ҳам у ерда кўп вақт тўп сурдим. Асосийси, Казанга яқин, оилам олдида. Исталган пайт уйимга келиб-кетардим. Бошида “Нефтехимик” билан шартнома тузгандим ва шу бўйи ушбу жамоада қолиб кетдим.

“Айрим таклифлар бор”

Ҳа, бу йил 37 ёшга тўламан. Ҳозирча оилам, бола-чақам биланман. Фарзандларимнинг бири футбол, яна бири хоккей билан шуғулланади. Айни пайтда улар билан юрибман. Ҳа, менга айрим таклифлар бор, Россиядан. Аммо жуда узоқлиги учун боргим келмаяпти.

“Ҳамма айтяптики, Суперлига кучайган”

Албатта, Ўзбекистон чемпионатини кузатиб тураман. Дўстларим ўйнашяпти. Санжар Турсунов, Олег Зотеев билан кўп гаплашиб тураман. Ҳамма айтяптики, чемпионат кучайган. Яхши легионерлар келяпти. Суперлигада ўсиш бор. Ҳамма жамоалар бир-бирини ютса бўлади, олдингидек эмас. Рақобат орқали футболчилар ўсади ва терма жамоага тушадилар.

“Футболдан кейин ўзига яраша лойиҳаларим бор”

Футболдан кейин мураббий бўламанми ёки бизнесменми? Тўғрисини айтсам, бу тўғрисида ўйламаганман. Ўзига яраша лойиҳаларим бор. Буни ҳозир айта олмайман. Уни бажариш ва ўқиш керак.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Davlatbek Alibekov
01/07/2024 06:03
37 ёш футбол учун нафак,а ёши бизни супер лигага бу йигит ярамайди