Велоспортчимиз муносиб таыдирланди

Янина Сирдарё вилоятидаги Гулистон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида велоспорт йўналиши бўйича таълим олиш билан бир қаторда, спортчилик фаолиятида тинимсиз меҳнати ва ғалабага бўлган интилиши сабаб, улкан марраларни забт этмоқда.
 
Бу йил 18 ёшни қаршилаган Я.Кускова бир неча бор мамлакат миқёсидаги спорт мусобақаларида иштирок этиб, тобланди ва бир қатор медалларни қўлга киритди. У спортчилик фаолиятида илк маротаба жорий йилнинг 8-13 январь кунлари Жакарта шаҳрида (Индонезия) бўлиб ўтган велоспортнинг трек йўналиши бўйича Осиё чемпионатида иштирок этди. Спортчимиз мусобақанинг ўсмирлар ўртасидаги яккалик баҳсларининг вақт пойгасида бронза медални, очколар бўйича гуруҳли пойгада кумуш медални қўлга киритди.
 
Шунингдек, Янина ўз маҳоратини янада ошириш мақсадида март ойида Жанубий Кореядаги ўқув-йиғин машғулотларида малака ошириб келди. 22-28 апрель кунлари юртимизда бўлиб ўтган велошоссе бўйича Осиё чемпионатида 20 ёшгача бўлган ўсмир қизлар ўртасидаги пойгада кумуш медални қўлга киритди.
 
Унинг эришаётган улкан ютуқларини муносиб тақдирлаш, халқаро мусобақаларда юқори натижага эришиши ва бу орқали мамлакат шарафини дунё узра юқорига кўтариши учун Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев томонидан Янина Кускова замонавий шоссе велосипеди билан тақдирланди.
 
Айни дамда Ўзбекистон велоспорт федерацияси ва Халқаро велосипедчилар иттифоқининг (UCI) Бутунжахон велоспортни ривожлантириш маркази билан ўрнатилган икки томонлама хамкорлик доирасида федерация Я.Кусковани Швейцарияда ўтадиган ўқув-йиғин машғулотларига юборишни режалаштирган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!