Винисиусни Англия грандларига жойлашмоқчи

“Реал” ҳужумчиси Винисиус Жуниор Мадридни тарк этиш эҳтимоли ошиб бормоқда. Бу кўп жиҳатда ҳали ҳам унинг “Реал”даги келажаги мавҳум бўлиб тургани билан боғлиқ.

Воситачилар бразилиялик юлдуз хизматларини “Арсенал”, “Манчестер Юнайтед”, “Манчестер Сити”, “Ливерпуль” ва “Челси” каби Англиянинг бадавлат клубларига таклиф қилишди.

“Реал” 18 ойдан зиёд вақт мобайнида Винисиус билан янги шартнома бўйича музокаралар олиб бормоқда, аммо ҳали томонлар бир тўхтамга келгани йўқ. Футболчининг амалдаги битими  2027 йилнинг ёзида якунланади.

25 ёшли Винисиус ҳозирнинг ўзидаёқ дунёдаги энг юқори маош олувчи учинчи футболчидан бири ҳисобланади. Ҳужумчи бу кўрсаткич бўйича “Манчестер Сити” юлдузи Эрлинг Холанд ва жамоадоши Килиан Мбаппедан кейин туради.

Винисиус “Реал” раҳбариятидан маошини ҳафтасига 500 минг фунтгача кўтаришни талаб қилмоқда ва мадридликлар буни қабул қилмаяпти.

Шу билан бирга, “Реал” қимматбаҳо актив ҳисобланган Винисиусни эркин агент сифатида йўқотишни истамайди, шунинг учун Ла Лига гранди келаси ёзда ўз суперюлдузини сотишга мажбур бўлиши мумкин.

TEAMtalk маълумотига кўра, “Реал” аллақачон Винисиусни сотиш имкониятларини ўрганишни бошлаган. Воситачилар орқали ҳужумчининг хизматлари тор доирадаги клубларга таклиф қилинган.

Премьер-лига клубларидан ташқари, бу рўйхатга ПСЖ ва “Бавария” ҳам киритилгани айтилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!