Виталий Левченко: "Биз жангни бой бермадик"
Ўзбекистон Суперлигасининг 8-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Нефтчи” (1:0) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида фарғоналиклар бош мураббийи Виталий Левченко қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Меҳмонлар устози одатдагидек ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Бугун яхши ўйин ўтказдик. Рақиб деярли ҳеч нима ярата олмади. “Навбаҳор”ни яхши ўрганиб чиққандик. Бугунги учрашувда дуранг адолатли натижа бўлар эди. Бугун мағлубиятга лойиқ эмас эдик. Бизни қўллаб-қувватлаш учун Наманганга келган барча мухлисларга раҳмат. Улар бугун ажойиб атмосфера яратишди.
- Биз бугун ҳужумкор “Нефтчи”ни кўрдик. Сиз ўзгаришларга ҳам кўп қул урмоқдасиз. Бугунги учрашувга тайёрлаган режангиз ҳужумкор футбол намойиш этиш эдими ёки ўйин вақти шундай услуб танлашга мажбур бўлдингизми?
- Ҳужумкор эмас, замонавий футбол ўйнадик. Замонавий футболда барча бирга ҳужум қилиш ва бирга ҳимояланиши керак. Биз бугун ғалаба учун майдонга тушгандик ҳамда кўпроқ ҳужумчиларни алмаштирдим.
- Мухлислар ҳақида гапириб ўтсангиз?
- Водий жамоаларининг мухлислари ҳар доим ўз жамоасини фаол тарзда қўллаб-қувватлашади. Бугун ҳам икки жамоанинг мухлислари ажойиб атмосфера яратишди. Уларга раҳмат айтамиз. Мухлислар бизга ишонишда давом этмоқда. Бу эса ҳурматга сазовор жиҳат.
- Бугун Ботирали Эргашевни асосий таркибда майдонга туширдингиз. Бу мажбурий ўзгаришмиди ёки ихтиёрий?
- Икки дарвозабонимизнинг даражаси тенг. Ботирали миллий терма жамоа дарвозабони ва унга ишонч билдиришимиз табиий. Иккита тенг даражали дарвозабонимиз бор. Эргашев бугун яхши ўйнади.
- Бугун ҳужумчиларни ўзгартирдингиз. Норчаев ва Нсунгусилар майдонга тушишганидан кейин жамоанинг ҳужумлари янада хавфлироқ кўриниш ола бошлади. Икки нафар ҳужумчи билан майдонга тушиш режангиз бормиди?
- Норчаев бор-йўғи икки кун аввал жамоа машғулотларига қўшилди. Уни эртароқ майдонга тушириш ёки асосий таркибга қўйиш ҳали хавфли. Ҳусайн тикланишда давом этмоқда. Эффионг эса майдонга тушди ва анча фойда келтирди, аммо жамоада бошқа футболчилар ҳам бор ҳамда бу соғлом рақобат. Ким яхшироқ ўйнаса, ўша футболчи асосий таркибда майдонга тушади.
- “Нефтчи” ўз вазиятларидан унумли фойдалана олмаяпти. Жамоага бир нима етишмаётгандек. “Нефтчи”нинг ғалаба қозонишига нима етишмаяпти деб ўйлайсиз?
- Биз янги жамоа туздик. Барча муаммолар ҳал этилиб, бир тизимга ўтишимиз учун бироз вақт керак. Жамоани йиғиш биринчи босқич. Иккинчи босқич эса янги жамоани бир услубга мослаштириш. Биз иккинчи босқичдамиз ва бизга барқарорлик етишмаяпти. Кўп футболчиларимиз терма жамоа йиғинларига йўл олишди ва шу сабабли, орада узилиш бўлди. Ҳали ҳеч нима йўқотилмайди. Биз жангни бой бермадик.
Фикрлар