Владимир Кличкони мағлуб этган ўзбекистонлик боксчини биласизми?
Муайтай бўйича 5 карра жаҳон чемпиони, Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари чемпиони (Банкок) Эркин Қуттибаевни ўзбек спорт мухлислари яхши билишади. Тайларнинг миллий спорт турида улкан ютуқларни қўлга киритган ҳамюртимиз украиналик машҳур Владимир Кличкони ҳам мағлуб этганлигини эшитган эдик. Ака-ука Кличколар ўз вақтида кикбоксингда ҳам фаолият юритаганлиги учун айнан ушбу воқейлик мазкур яккакурашда бўлган бўлса керак деб ўйлардим. Аслида ҳам шундайми? Бунга ойдинлик киритиш учун Эркин ака билан боғландик...
- Эркин ака сиз ўз вақтида Владимир Кличкони мағлуб этган экансиз?
- Ҳа, шундай бўлганди.
- Кикбоксингдами ёки у ҳам муайтай бўйича мусобақаларда иштирок этганми?
- Йўғей... Уни боксда ютганман. Мен аслида бокс билан шуғулланганман. Кейинчалик муайтайга ўтгандим.
- Очиғи, бунга ҳайронман... Демак расмий мусобақаларда эмас?
- Биласизми, бунинг ўз тарихи бор. Мен 1989-1994 йиллар Украинда Киев давлат мухандислик ва архитектура универститетида ўқиганман. Бокс бўйича Украинада спорт устаси даражасини қўлга киритгандим. Уч марта Киев шаҳри чемпиони ҳам бўлишга эришдим. Кличко билан Украина чемпионатига саралаш баҳсларида тўқнаш келганман.
Мен Киев шаҳри чемпиони, у эса Киев вилояти чемпиони эди. Шунда мураббийлари келиб, чемпионатга Владимир боради дейишган. Мен рози бўлмадим яъни саралашда иштирок этсин. Майли, мени мағлуб этса бемалол дея жавоб берганман.
Шундай қилиб, у билан жанг ўтказиб, ғалаба қозонганман.
- Жанг қандай кечганди?
- Уни қўллаб-қувватлаш учун жуда кўп мухлислар ташриф буюрганди. Биринчи раунд у ҳужумга ўтди. Мен иккинчи рақамли бўлиб, қарши зарбаларда уни тутиб олавердим. Бутун аренани Вова-Вова деган ҳайқириқлар босиб кетганди. Раунд охирида кетма-кет қарши зарбаларим манзилга етиб боргач, залдаги бақир-чақирлар ҳам пасая бошлади. Иккинчи раундда мен биринчи рақамли бўлиб, ҳаракат қилдим. Аниқ зарбалар йўллай бошладим.
Энди, уни қўллаб-қувватлаётганлар жуда ҳам камайиб кетди. Учинчи раунда тўла устунлика эришдим. Мухлислар деярли ўчди. Биргина акаси Виталий Кличко асабийлашиб, бақирар эди. Биринчи раундда катта куч сарфлаб, бирорта зарба йўллай олмаганидан Владимир қаттиқ асабийлашиб, жанг назоратини қўлдан чиқарганди. Бундан мен унумли фойдаланганман. У бирорта аниқ ва кучли зарба йўллай олмаган.
- Демак, Украина чемпионатига сиз боргансиз?
- Албатта, 3-ўринни қўлга киритганман. Кейинчалик Собиқ иттифоқ тарқалиб, ўзгаришлар юзага келган ва бошқа чемпионатда иштирок этиш насиб қилмаган.
- Сабаб нима бўлганди?
- Молиявий қийинчиликлар юзага келган. У ерда боксчилар жуда кўп эди. Шунинг учун, боксчиларга ҳомий топиш қийин бўлган. Ўша қийинчилик даврда менга муайтайга ўтиб, мусобақаларда иштирок этишим учун молиявий томондан таъминлайдиганлар топилиб қолганди.
- Сизни бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатида иштирок этганлигингизни эшитганмиз. Демак, кейинчалик яна боксда ўзингизни синаб кўргансиз?
- Шундай бўлган. Ўшанда “Жаксон” турнирини ютганман. Мамлакат чемпионатида иштирок этиб, финалда Руслан Чагаевга мағлуб бўлгандим.
- Чагаев билан жанг қандай бўлган?
- Ўша вақтлар Русланнинг юлдузли онлари эди. Лекин жиддий қаршилик кўрсата олганман деб ўйлайман. Кичик устунлик эвазига ғалаба қозонган. Мен финалга қадар учта рақибимни нокаутга учратиб етиб келгандим. Орадан кўп ўтмай спортчилик фаолиятимни якунлаганман.
Фикрлар