Халқаро ўртоқлик ўйини. "Навбаҳор" мағлубиятдан қутулиб қолди

Chery Tigo 7 PRO

Халқаро ўртоқлик учрашуви

“Навбаҳор” – “Хўжанд” – 2:2 (1:1)

9 июнь. Наманган. “Марказий” стадиони. 321 томошабин.

Ҳакамлар: Исроилжон Имомназаров, Исломжон Носиров, Азизбек Зокиров, Оллоёр Исомиддинов

Назоратчи: Файзулло Ҳасанов.

Голлар: Тома Табатадзе (30-пен.), Азимжон Аҳмедов (90+3-пен.) – Жасур Қурбонов (45+1), Дилшод Бозоров (87). 

Хабарингиз бор, айни пайтда ФИФА кунлари муносабати билан Ўзбекистон Суперлигасида танаффус юзага келган. Бундан унумли фойдаланиш, футболчиларнинг жисмоний формаларини маромида сақлаб туриш мақсадида, “Навбаҳор” Тожикистон олий лигасининг мунтазам иштирокчиси, мазкур мамлакатнинг совриндор жамоаларидан бири, жумладан, 9 карра кумуш, 6 карра бронза медаллари, 5 карра Тожикистон Кубоги соҳиби “Хўжанд”га қарши халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказди. 

Таъкидлаш жоизки, мазкур баҳсда “Навбаҳор” устози Самвел Бабаян майдонга асосан кам ўйин амалиётига эга бўлган ва ёш футболчиларни тушириб, уларнинг жисмоний ҳолатларини синовдан ўтказди.         

Беллашув борасида тўхталадиган бўлсак, ташаббус кўпроқ вакилларимиз тарафида бўлсада, меҳмонлар ҳам муносиб қаршилик кўрсатишга интилишди.

Биринчи бўлимдаги вазиятларга тўхталадиган бўлсак, Самвел Бабаян шогирдларининг ҳужумларидан бирида грузиялик тажрибали ҳужумчиси Тома Табатадзенинг зарбасидан сўнг, тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди.

Учрашувнинг 30-дақиқасида тожикистонликлар ўз жарима майдончаси ичида Асадбек Собиржоновга нисбатан қўполлик ишлатишди. Натижада учрашув бош ҳаками Исроилжон Имомназаров хўжандликлар дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Пенальтини Тома Табатадзе аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди – 1:0.

Биринчи бўлимга тўхталишлар учун қўшиб берилган дақиқада меҳмонларнинг ўзбекистонлик ярим ҳимоячиси Жасур Қурбонов гол уриб, жамоаларнинг танафусга 1:1 ҳисобидаги дуранг билан чиқиб кетишини таъминлади.

Учрашувнинг 2-бўлими ҳам кескин курашлар остида кечди. Ўйин якунланишига саноқли дақиқалар қолганида, тожикистонликларнинг навбатдаги ҳужумларидан бирида “Хўжанд”нинг тажрибали ҳужумчиси Дилшод Бозоров жарима майдончаси ичидан кучли ва аниқ зарба йўлалган ҳолда, меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди – 1:2.

Албатта, учрашувнинг бундай тус олиши “лочинлар”ни қониқтирмасди. Шу боис, Самвел Бабаян шогирдлари ҳужумни кучайтиришди. Мезбонларнинг навбатдаги ҳужумларидан бирида грузиялик ҳужумчиси Гиорги Никабадзенинг зарбасидан сўнг, тўпни жарима майдончаси ичидаги рақиб ҳимоячиси қўли билан қайтарди. 

Натижада бош ҳакам Исроилжон Имомназаров “Хўжанд” дарвозасига иккинчи марта 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Пенальтини бу сафар Азимжон Аҳмедов аниқ ва кучли тарзда амалга ошириб, якуний ҳисобнинг жанговар дуранг – 2:2 кўриниш олишини таъминлади. 

"Навбаҳор" матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!