Халқаро Паралимпия қўмитаси президенти расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасининг юртимизда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, жаҳон майдонларида Ватанимизнинг шаънини муносиб ҳимоя қиладиган матонатли спортчиларни тайёрлаш борасидаги кенг кўламли саъйи-ҳаракатлар билан бир қаторда халқаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар қўмитанинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксилишига хизмат қилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 29 сентябрь - 2 октябрь кунлари Халқаро паралимпия қўмитаси(IPC) президенти Эндрю Парсонс Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаевнинг таклифига биноан расмий ташриф билан юртимизда бўлади.

2017 йилдан бери IPC президентлигини бажариб келаётган бразилиялик Парсонс жанобларининг Ўзбекистонга илк бор бўладиган тарихий расмий ташрифи доирасида бир қатор учрашувлар, қисқа фурсатда бунёд этилган спорт ва маданият мажмуалари, меҳмонхоналар ҳамда яратилаётган инфратузилмалар юртимизнинг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишиш белгиланган.

30 сентябрь куни Халқаро паралимпия қўмитаси(IPC) президенти Эндрю Парсонс иштирокида Тошкентда «Янги Ўзбекистонда – Паралимпия харакатини ривожлантириш» мавзусида кенгайтирилган конференция ўтказилиши режалаштирилган.

Ташриф Дастурининг асосий мавзуларидан яна бири Халкаро паралимпия қўмитаси президенти Эндрю Парсонс билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси М.Ташходжаевнинг мамлакатимизда паралимпия спорт турлари бўйича нуфузли мусобақалар ўтказиш ҳамда Халқаро паралимпия қўмитаси билан Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасининг ҳамкорлик масалалари борасида расмий учрашуви ўтказилиши белгиланган.

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!