Хайрулла Ҳамидов: ОКМК қай ўйиннинг бадалини тўлади, буни билмадим... Энди мухлислар ҳал қилишади менимча. Ё олқишлаб далда бўлишади, ё…
Кеча Осиё чемпионлар лигаси ва АПЛ доисрасидаги ўйинлар ўтказилди. Улар орасида "Сепахон" - ОКМК 9:0, ва "Тоттенхем" - "Челси" 1:4 ўйинлари кўпчиликнинг баҳас-мунозараларига сабаб бўлди.
Таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов телеграмдаги саҳифасида ушбу икки беллашувдаги ўхшашликка эътибор қаратди.
- Кечаги оқшом ОКМК ва “Тоттенхэм” учун ўта оғир келди. Таркибидаги муаммолар ўйин пайти икки карра, уч карра катталашиб, натижанинг қўрқинчли тус олишига сабаб бўлди. Бири умуман ўйинни ташлаб юборган бўлса ҳам, негадир ўхшашлик бор.
Бунда “Сепахон” ва “Челси”нинг заррача айби йўқ. Уларга ғалаба керак эди, қўлга киритишди ўша натижани. Бири жуда осон жазолади, бири охирига келиб…
Футбол ҳам ҳаётнинг бир қисми. Тақдир. Яқинда “Тоттенхэм” ва “Ливерпуль” баҳсидаги воқеаларнинг кўриниши шундоқ қайтарилгандек туюлди: Баҳсни тўққизта бўлиб тугатиш, бир уюм жамоага қарши рақибнинг ҳужуми. ОКМК қай ўйиннинг бадалини тўлади, буни билмадим.
Энди ҳаёт олдинда. Кейини жуда қизиқ, икки жамоа буни бир марталик ўйин, деб қабул қиладими ё натижа, кайфият кейинги турларга таъсир этадими?
Буни кўпроқ ОКМК ва “Тоттенхэм” мухлислари ҳал қилишади менимча. Ё олқишлаб далда бўлишади, ё… - дея фикрларини якунлади Хайрулла Ҳамидов.
Фикрлар