Хайрулла Ҳамидов: “Пахтакор”нинг Осиё грандларига қарши баҳсда охиригача ўйнаб бера олмаётганига бош сабаб – миллий чемпионатда рақобатнинг йўқлиги! Бунда Суперлигага кўпроқ айбни қўйган бўлардим
Хабарингиз бор, SPORTS.uz сайти таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов билан ҳамкорлик қилмоқда. Хайрулла Ҳамидов ўзбек ва хориж футболида рўй берган воқеликларга ўз муносабатини билдиради. Шарҳловчи бу гал “Пахтакор”нинг ОЧЛдаги иштирокини таҳлил қилди. Унда жамоанинг мағлубиятига асосий сабаб ва бошқалар борасида фикрларини тақдим этди.
Қуйида SPORTS.uz сайти томонидан берилган саволларга Хайрулла Ҳамидовнинг жавобини ўқишингиз мумкин.
– “Пахтакор” ўзимизда шундай кучли жамоа-ки, “шерлар” бирор марта учрашув давомида ўйин усулини ўзгартирмаган ёки ўзгартириши керак бўлмаган. Шу нуқтаи назардан “Персеполис” билан баҳсда Арвеладзега ўйинга ўзгартириш киритилишида тажриба етишмадими?
- Бу ерда ҳозир ҳар хил тахминлар янграйверади. Чунки натижа бор. “Пахтакор” ва Шота Арвеладзе натижани устида турибди. Лекин ундай бўлганда, бундай бўларди, деяётганлар мавҳумлик ҳақида гапирмоқда. Шунинг учун биз бор нарсага йўқ тахминни қарши қўймоқдамиз. Буни нотўғри, деб ўйлайман. Сабаби қизил карточкани четга суриб қўйсак, нисбатан натижа қўлга киритилди. Шу томондан ўша куни “Пахтакор” ва мураббийлар штаби асосий таркибга ишонишди. Яъни, жарга тушиб кетаётган жамоани шу йигитларнинг ўзи олиб чиқади, деган тахминда қолишди. Агарда қайсидир зарба ўхшаб қолганида ёки “шерлар” биринчи бўлиб гол урганида, уларнинг иши тўғри бўлиб чиқарди. Ҳозир энди уни нотўғри дейилмоқда. Агарларни ҳисобга олсак, тошкентликлар йирик ҳисобда мағлубиятга учраши мумкин эди. Қизил карточка кўрсатилган лаҳзада мураббийлар майдондаги 10 футболчига қаттиқ ишонишди. Натижада “Персеполис” устунлик қилди.
Хайрулла Ҳамидов ОЧЛда “Пахтакор”дан нималар кутганди? Жамоанинг мусобақадаги иштирокини қандай баҳолайди?
- Бизни лигада бирорта клуб жисмонан Европа даражасида бўлмаса ҳам, нисбатан яхшироқ тайёргарликка эга бўлса, ҳеч қанақа тактикасиз чемпионликка эришиши мумкин. Чунки аксарият клубларимиз юкори динамикада 90 эмас, 45 дақиқа ўйнай олади холос. Агар “Пахтакор”нинг мақсади ОЧЛ бўлса, жисмоний тайёргарликка урғу бериш қанчалик тўғри? Чунки Осиёдаги топ клубларнинг ҳам тайёргарлиги “Пахтакор”дан ўтса ўтадики, асло қолишмайди. Арвеладзенинг "Пахтакор"даги фаолиятида тактик томондан бирор нарса ёки кўринмаяпти ёки биз кўролмаяпмиз.
- Албатта, жисмоний томондан кучли “Пахтакор”нинг ўйинини кутамиз. Шундай бўлса яхши, деб ҳисоблайманку, лекин “шерлар” қайси чемпионатда иштирок этаётганини ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак. Чемпионлик учун курашадиган рақобатчи чиқмаса, “Пахтакор” шундай давом этаверади. У ўзидан баланд сакрашининг имконияти йўқ. Яъни, бир инсоннинг ҳаётида рақобатчиси бўлмаса, унда ўсиш кузатилмайди.
Тошкентликлар ОЧЛ сабаб, таркибидаги катта футболчиларни ушлаб турибди, сотиб юбормади. Ўйинчиларнинг аксарияти чемпионлар лигаси учун олинган. “Пахтакор” халқаро мусобақани ўйлаган ва шунинг учун сал бўлса ҳам мазмунли ўйин кўрсатди.
Зўр бўлиши учун миллий чемпионат ҳам зўр бўлиши керак. Бизнинг лигамиз кучли пайтлари клубларимиз ОЧЛда муваффақиятли ҳаракат қилишган. Яъни “Бунёдкор” ва “Пахтакор”нинг шу турнирда ярим финалга чиққанига эътибор қилсак, миллий биринчилигимизда чемпионлик учун кураш охиригача кечган. Шу боис ўйлайманки, “Пахтакор”нинг керакли миқдорда сўнгги сонияларгача Осиё грандларига қарши ўйнаб бера олмаётганлигига бош сабаб – миллий чемпионатда рақобатнинг йўқлиги! Ўз лигасида жамоа рақибларини ярим куч билан енгса-да, кейин у бутун кучини ҳам ишлата олмай қолади. Шунинг учун бунда “Пахтакор”дан кўра Суперлигага кўпроқ айбни қўйган бўлардим.
Фикрлар