Хайрулла Ҳамидов: Шомуродовнинг гол уришида асосий ишни Моуриньо бажариб берди...
УЕФА Конференциялар лигаси плей-офф босқичида "Трабзонспор" ҳамда "Рома" жамоалари ўзаро беллашди.
Учрашувда Лоренцо Пеллегрини 55-дақиқада ҳисобни очган бўлса, орадан 9 дақиқа ўтиб, Корнелиус мувозанатни тиклади. Ушбу баҳсда расмий ўйинлардаги дебютини нишонлаган Элдор Шомуродов 81-дақиқада "бўрилар"га ғалаба келтирган голга муаллифлик қилди.
Ўйиндан кейин таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов телеграмдаги саҳифасида Шомуродов асосий таркибга муносиблиги бўйича фикрларини билдирди.
- Элдор Шомуродов “Рома” сафидаги илк расмий ўйинидаёқ биринчи голини урди. Дарвоза чиройли тарзда ишғол этилди. Бу ерда асосий ишни Моуриньо бажариб берди, деб ўйлайман. Жозе захирадаги Борха Майорални ўрнидан турғазиб, тайёрлан, деди. Буни кўрган Элдор Шомуродов гол урмасам бўлмайди, деди. Мотивация уйғотиш бошланди Моурдан, жавоб эса Элдордан.
Ҳамюртимиз “Рома” жамоасининг кейинги босқичдаги ўйинларида ҳам асосий фигураси бўлади, деган умиддамиз. А Сериядаги “Фиорентина” билан бўладиган баҳсда энди Моуриньо юртдошимизни асосий таркибда туширса керак. Уят бўлади бундан кейин бу бола захирадан майдонга тушиб юрса, - деди Хайрулла Ҳамидов.
Энди томонлар жавоб ўйинида 1 ҳафтадан кейин Римда тўқнаш келади. Мазкур жуфтлик ғолиби гуруҳ босқичига йўл олади.
Фикрлар