Хайрулла Ҳамидов: VARли муаммога хуш келдик!
Таниқли футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов ўзининг телеграмдаги саҳифаси орқали бугун бўлиб ўтган "Сўғдиёна" - "Турон" (1:0) баҳсидаги нотўғри белгиланган пенальтидан сўнг VAR тизими ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Олдин VAR йўқ эди футболимизда, инсон факторига йўйиб, хатони тушуниб кетаверардик. Энди баъзи ўйинларда ишлатиляпти, давомидан бошланган VARсиз ўйинлардаги хатолар жуда хунук кўриняпти. Асабийлик авжида.
Бу худди Европа VARга ўтган, АПЛ ишлатмай турганида кулгига қолгандаги ҳолатга ўхшайди.
Ёки бир маслаҳат: VAR ишлатиладиган ўйиндан кейин бир кунча ўйин қўймай турсинлар. Шунда таққослаш, ҳозиргина VARнинг фойдаси билан тўғриланган хатоларни эслаш бўлмайди.
"Турон" дарвозасига белгиланган пенальти кенг тарзда муҳокама қилинаётгани сабаби шу.
"Кичкина табиб"да айтилганидек, ҳомиладорлик чала бўлмайди. Ё бўлади, ё йўқ. VAR ҳам ҳамма ўйинда ишламагунча энди олдингидан кўпроқ жанжал чиқаверади", - деди Ҳамидов.
Фикрлар