Хўжайинлар ғазабда! Клуб раҳбариятини танқид қилган мураббий ҳайдалиши кутиляпти
“Кристал Пэлас” клуби кузатув кенгаши раиси Стив Пэриш жамоа бош мураббийи Оливер Гласнернинг клуб раҳбариятига қаратилган танқидий баёнотларидан сўнг қаттиқ ғазаблангани айтилмоқда.
Бу ҳақда Sky Sports хабар бермоқда.
Лондонликлар австриялик мураббийни ишдан бўшатиш вариантни ҳам кўриб чиқмоқда.
Гласнер Англия Премьер-лигасининг 22-турида “Сандерленд”га қарши ўйиндан (1:2) кейин жамоа сардори Марк Гехининг ушбу баҳсга бир кун қолганида “Манчестер Сити”га сотиб юборилганини кескин танқид қилган эди.
Манба маълумотларига кўра, Пэриш Гласнернинг “клуб бизни тақдир ихтиёрига ташлаб қўйди”, деган сўзларидан норози бўлган. Шунингдек, мураббий ёзда ярим ҳимоячи Эберечи Эзенинг “Арсенал”га худди ҳозиргига ўхшаш шароитда сотилганини ҳам эсга олган.
Гласнер таъкидлаганидек, у ўйин давомида футболчи алмаштириш орқали вазиятга таъсир қила олмайди, чунки жамоа ихтиёрида атиги 12–13 нафар футболчи бор, захира ўриндиғида эса деярли ёш болалар ўтирибди.
Хабар қилинишича, энди “Кристал Пэлас” раҳбарияти Гласнерни дарҳол ишдан бўшатиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Аввалроқ мураббий мавсум охирида тугайдиган шартномани узайтиришни истамаслигини айтган эди.
Эслатиб ўтамиз, ёзда “Ливерпуль” Марк Гехини харид қилишга яқин бўлган, аммо Гласнер истеъфо билан таҳдид қилиб, бу трансферни тўхтатган эди.



Фикрлар