Хомяков Қаршидаги 3:0 ҳисобидаги мағлубиятга қандай изоҳ берди?
“Насаф” – “Андижон” (3:0) ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Александр Хомяков иштирок этди.
- “Насаф”ни ишончли ғалабаси билан табриклайман. Улар бугун ишончли ҳаракатлари билан ғалабага мос ўйин кўрсатишди. Бутун учрашув давомида ўйинни назорат қилишди. Биринчи бўлимда тезкор гол уришди. Кейин иккинчи голни ўтказиб юбордик. Ғалаба билан “Насаф”ни табриклайман.
- “Андижон” жамоаси биринчи даврада анча яхши ўйинлар кўрсатганди. Лекин иккинчи даврада жамоа фақат ютқазяпти, ҳатто дуранг ҳам йўқ...
- Буни бир қанча сабаблари бор. Ҳозир бу сабабларни барчасини айтиб ўтиш қийин. Уларни бартараф қилишга ҳаракат қиляпмиз, аммо ўхшамаяпти. Нима ҳам дейишим мумкин? Ҳа, жамоа олдинга интилиш бўйича фаоллик кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Жамоада қандайдир ўзига бўлган ишонч йўқолган. Кўп гол ўтказяпмиз. Бу ҳам ранжитмоқда.
- Бугун футболчиларда фаолликни сезмадик. Балки ўйинчиларингиз Ўзбекистон Кубоги ярим финалига “настрой” қилишяптими?
- Ўйин бошидаги рақибнинг иккита ҳаракати ва иккиси ҳам голга айланиши эвазига бу ҳолат ўйинни яхши ташкил қилишимизга ҳалақит берди. Илк дақиқалардаёқ гол ўтказиб юборганимиз учрашувга ўз таъсирини ўтказди. Иккинчи голни ҳам қаранг. Бундай тезкор голлар ёқимсиз ва ўйинимизга салбий таъсир кўрсатди. Сизлар ҳам буни кўрдинглар ва ўйлайманки, бизни тушуняпсизлар. Шундай жамоага қарши баҳсда иккита тезкор голларни ўтказиш ва кейинчалик мағлубиятга учраш, бу бизда етарлича муаммолар борлигини кўрсатиб беради. Ҳужум уюштиришга ҳамда вазиятни тўғрилашга ҳаракат қилдик. Лекин ўхшамади. Биринчи таймда ҳеч бўлмаганда битта гол уришга интилгандик. Учрашув давомида айтарли даражада хавфли вазиятларни ярата олмадик. Айтяпман-ку, “Насаф” барчасини зўр бажарди. Бугун ғалабага лойиқ ўйин кўрсатди ва бунга эришди.
- “Андижон” иккинчи даврада ҳали ютгани йўқ. Бу нима билан боғлиқ?
- Тўртта ўйинда ютқаздик. Ҳар бир учрашувда, ҳаттоки, бугунги ўйинда ҳам ғалаба учун майдонга тушгандик. Айнан ғалабани ўйлаб барча ишларни режалаштиргандик. Уч очкони қўлга киритиш учун бизда ўзига хос режамиз ва ҳисоб-китобларимиз бор эди. Тезкор голлар режаларимизни ўзгартириб юборди. Биринчи даврадан сўнг баъзи йигитлар ўзларига ортиқча ишониб юборишган бўлишса, мана, бугунги ҳолатни барчамиз кўриб турибмиз. Олдимизда бошқа вариант йўқ, биз яхшироқ ўйнаб натижаларимизни ижобий томонга ўзгартиришимиз лозим. Ўйин ташкил қилишда бир қатор муаммоларимиз борлиги кўриниб турибди.
- Жамоадаги ўйин билан боғлиқ инқирозни енгиб ўтиш учун қанча вақт керак?
- Чемпионатда бироз танаффус бўлади. 30 август куни Ўзбекистон Кубогида ўйинимиз бор. Шундан кейин чемпионатда икки ҳафталик танаффус юзага келади. Вазиятни ўзгартиришга ва режалар тузишга вақтимиз бўлади. Руҳият билан боғлиқ муаммоларни ҳам ҳал қилишга вақтимиз етади, деб ўйлайман. Натижа кўрсатишимиз учун керак бўлган барча омилларни бу вақт оралиғида ўрганиб чиқамиз. Ўйлайманки, бу танаффус ўзимизни ўнглаб олишимиз учун айни муддао бўлади, деб ҳисоблайман.
Фикрлар