"Хоразм" бош мураббийи финал олдидан: "Одил Жуниор"да "қасдимиз бор!"

Хабарингиз бор, айни дамда Ўзбекистон U14 чемпионати давом этмоқда. Куни кеча финалчилар номи маълум бўлди. Биринчи ярим финал баҳсида "Пахтакор" устидан ғалаба қозонган "Хоразм" устози Аброр Қиличев билан суҳбат қурдик.

- "Пахтакор" клуби устидан ғалаба қозониш қандай ҳиссиётларни тақдим этди?

- Бу биз учун фахр. Ўзбекистондаги энг кучли жамоа "Пахтакор"ни мағлубиятга учратиш ҳаммага ҳам эмас. Айниқса, турнирнинг ярим финалида уларни енгиб, финалга йўл олишнинг ўзи улкан бахт. Мен бугун шогирдларим кўрсатган ўйин билан фахрланаман. Улар охиригача кураш олиб борди ва кучли иштиёқ эвазига финалга йўл олдик.

- Шогирдларингизни финалга чиқишини турнир аввалида кутган эдингизми?

- Албатта. Сабаби, Ўзбекистондаги барча жамоа билан ўйнаса бўлади. Агар ўйин тўғри йўлга қўйилса, футболчилар ўз кучига ишонган бўлса, шунинг ўзи кифоя. Бизнинг асосий мақсадимиз ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийига яхши кадрлар етказиб бериш. Улар терма жамоада тўп тепса, мен учун бундан ортиқ бахт йўқ.

- Таркибдаги ёш футболчиларнинг селекцияси билан ким шуғулланган?

- Барчаси "Хоразм" футбол маҳорат мактаби тарбияланувчилари. Уларни йиғмаганмиз, ҳаммаси ўзимизнинг шогирдлар. Буларнинг барчасини кичик ёшлигидан бошлаб тарбияланганмиз. Мактабимиздаги барча мураббийларнинг меҳнати сингган бу ёшларга.

- "Хоразм" жамоаси ёш футболчилари билан бутун турнир давомида суҳбатлашдим, бирга футбол ўйнадим. Қизиғи шундаки, шогирдларингиз бироз тортинчоқ, аммо ўйин чоғида улар жипслашиб кучли футбол намойиш этмоқда.

- Машғулотлар чоғида биринчи навбатда меҳнатдан қочмасликка ўргатамиз. Бундан ташқари, хоразмлик йигитлар иродали бўлади. Биз улардаги бу хислатни ривожлантириш мақсадида анча меҳнат қилганмиз. Кўрдингиз, деярли барча ўйинда характер намойиш этиб ғалаба қозондик. Буни ортида барча мураббийларимизнинг меҳнати ётибди.

- "Хоразм" жамоасига турнир давомида омад келди, десак бўладими?

- Бўлади, аммо омад кучлиларга кулиб боқади. Бизни фаворитлар қаторига қўшишмагани ҳам балки фойдамизга ишлагандир. Ҳар ҳолда, ҳар бир ўйин биз учун финалга тенг бўлди. Шогирдларим турнир давомида ўсиб бормоқда. Насиб қилса, финалда энг яхши ўйинимизни намойиш этмоқчимиз.

- Финалдаги рақиб ҳақида қандай фикрдасиз?

- "Одил Жуниор"ни финалга чиқишига шубҳам йўқ эди ва шундай ҳам бўлди. Рақиб кучли, аммо биз ғалаба қозонамиз. Уларда "қасдимиз бор". Аввалги мағлубият аламини олиш мақсадида бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз кубок билан ортга қайтиш.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!