Хушхабар! Ҳамюртимиз бирйўла иккита Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди

Яна бир спортчимиз Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ҳақда Туризм ва Спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

"Халқаро ўқ отиш спорти федерациясидан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига хушхабар битилган мактуб йўллади. Унга ёзилишича, Халқаро ташкилот ўқ отиш бўйича миллий терма жамоамиз аъзоси Токио-2020 Олимпия ўйинларига лицензия қўлга киритганлиги маълум қилинган.

Ҳамюртимиз Мухтасар Тоҳирова пневматик милтиқдан 10 метр масофадан ҳамда 50 метр масофадан 3 ҳолатда ўқ отиш дастурида квалификацион даврда тўплаган юқори баллари учун Токио-2020 Олимпия ўйинларининг лицензияларига эга бўлди.

Қайд этиш жоиз, спортчимиз лицензион даврда 2019 йилги Қатарнинг Доха шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионати ва Германиянинг Зуль шаҳрида ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида юқори натижаларни қайд этган. Бу йил ҳам М.Тоҳирова Қозоғистонда ўтган халқаро мусобақада 10 метр масофада кечган дастурда ғалаба қозонди.

Шу тариқа, Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси мамлакатимиз спорт делегацияси ҳисобига яна 2та лицензияни қўшиб қўйди. Ушбу муваффақият билан Мухтасар Тоҳировани муборакбод этамиз",-дейилади хабарда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!