XXI асрда тарих яратган Паралимпиячиларимиз ҳақида 21 та факт!

 

Париж-2024 XVII ёзги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг қайд этган юқори натижалари ҳали ҳамон юртдошларимиз орасида кенг муҳокама қилинмоқда. Биз эса ушбу мавзу совумасдан делегациямизнинг Франция пойтахтида ўтказилган ўйинларда қайд этган қизиқарли фактларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
1. Ўзбекистон ўз тарихида илк бор энг кўп пара атлетлар билан, яъни 9 та спорт тури бўйича 65 нафар спортчи (29 нафар аёллар) билан иштирок этди.
2. Ўзбекистон делегацияси медаллар сифати бўйича ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этди (10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза).
3. Ўзбекистон Паралимпия ўйинларидаги энг яхши натижани қайд этиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллади ва кучли 15 таликдан жой олди. Делегациямиз умумжамоа ҳисобида Осиё давлатлари орасида 3-ўринни (1-ўрин Хитой, 2-ўрин Япония) ҳамда Марказий Осиё, МДҲ, Ислом давлатлари ва Туркий давлатлар ташкилотлари орасида 1-ўринни эгаллади.
4. Париж-2024 Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон тарихида илк бор 11 нафар аёл спортчиларимиз медаль қўлга киритди. (Рио-2016 Паралимпия ўйинларида 8 нафар, Токио-2020 Паралимпия ўйинларида 10 нафар)
5. Пара таэквондо бўйича жамоамиз умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олди (1-ўрин Буюк Британия, 2-ўрин Туркия).
6. Пара енгил атлетика бўйича эркаклар жамоамиз медаллар сифати бўйича умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади ва кучли учликдан жой олди. (1-ўрин АҚШ 9 та олтин, 2-ўрин Ўзбекистон 6 та олтин, 3-ўрин Хитой 5 та олтин)
7. Пара ўқ отиш бўйича терма жамоамиз аъзоси Сервер Ибрагимов (46 ёш) Паралимпия ўйинлари совриндори бўлган Ўзбекистон тарихидаги энг ёши катта спортчига айланди.
9. Шаҳинахон Йигиталиева (15 ёш) Ўзбекистон тарихида ҳамда дунё тарихида пара енгил атлетика тарихида Паралимпия ўйинлари совриндори бўлган энг ёш спортчи бўлди.
10. Хусниддин Норбеков уч карра  Паралимпия ўйинлари ғолиби  бўлган Ўзбекистон тарихидаги илк спортчига айланди.
11. Бобиржон Омонов ва Шерзод Номозов Паралимпия ўйинларининг икки карра ғолиби бўлди.
12. Нурхон Қурбонова ва Толиббой Йўлдашев Париж-2024 Паралимпия ўйинларида делегациямизнинг мультимедалчиларига айланди. Улар биттадан олтин ва бронза медалларига сазовор бўлди.
13. Асила Мирзаярова, Моҳигул Хамдамова, Элбек Султонов, Учқун Куранбаев, Кароматов Довурхон, Гулжаной Наимова, Руза Кузиева ва Сервер Ибрагимов Паралимпия ўйинларининг икки карра совриндори бўлди.
14. Сафия Бурханова, Дониёр Солиев ва Муслима Одилова Паралимпия ўйинларининг уч карра совриндори бўлди.
15. 17 ёшли Рухшона Ўктамова 114 кг натижаси билан ёшлар ўртасидаги Жахон рекордини янгилади.
16. Асила Мирзаёрова узунликка сакраш дастурида 5.24 метр натижа қайд этиш орқали Паралимпия ўйинларида 28 йил аввал испаниялик спортчи томонидан қайд этилган
Паралимпия ўйинлари рекордини (5.07 метр)  17 см фарқ билан янгилади.
17. Бобиржон Омонов ядро улоқтириш дастурида 14.32 метр натижаси орқали Токио-2020 Паралимпия ўйинларида ўзи ўрнатган 14.06 метрли Паралимпия ўйинлари рекорди янгилади.
18. Хусниддин Норбеков ядро улоқтириш дастурида 16.82 метр натижа қайд этиб, 16 йил аввал Пекин Паралимпия ўйинларида хитойлик спортчи ўрнатган 16.22 метрли Паралимпия ўйинлари рекорди янгилади.
19. Нурхон Қурбонова найза улоқтириш дастурида 21.12 метр натижа кўрсатиб, 2016 йилги Паралимпия ўйинларида нигериялик спортчи томонидан (20.25 метр) ўрнатилган Паралимпия ўйинлари рекорди ва 2024 йил жаҳон чемпионатида ўзи ўрнатган (20.73 метр) рекордларни янгилади.
20. Ёрқинбек Одилов найза улоқтириш бўйича 50.32 метр натижа қайд этиб, Токио-2020 Паралимпия ўйинларида эронлик спортчи томонидан (49.56 метр) ўрнатилган Осиё рекордини янгилади.
21. Шаҳинахон Йигиталиева найза улоқтиришда 43.12 метр натижа қайд этиб, 2019 йил хитойлик спортчи томонидан ўрнатилган (41,97 метр) Осиё рекордини янгилади. 
 
Бахтиёржон Тоштемиров тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!