Яна 2 та олтин ва 2 кумуш медалини қўлга киритдик!
Хитойнинг Гуиянг шаҳрида ўтказилган "World Boxing" ташкилоти кубогининг финал жанглари якунланди. Куннинг 2-дастур баҳсларида 4 нафар вакилимиз олтин медал учун рингга кўтарилди.
-50 кг вазн тоифасида Асилбек Жалилов қозоғистонлик Санжар Тошкенбайга қарши баҳс юритди. Жуда қизиқарли кечган жангда Жалилов 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медаль билан чекланди.
-57 кг вазн тоифасидаги вакиламиз Нигина Ўктамова Жаҳон кубоги финалида ҳиндистонлик Прачига қарши рингга кўтарилди. Ҳар уч раундни кўтаринки руҳда ўтказган Ўктамова рақибасига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Якунда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган Нигина Жаҳон кубоги олтин медалини қўлга киритди! Маълумот учун, Ўктамова ёшлар ўртасида ҳам жаҳон чемпионатида зафар қучганди.
-80 кг вазн тоифасида Жаҳон кубогида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган, Жавоҳир Умматалиев финал жангини якунлади. У ҳал қилувчи баҳсда бразилиялик Вандерлей Переира билан кураш олиб борди. Жуда шиддатли ва муросасиз кечган тўқнашувда Умматалиев характер кўрсата олди ва 3:2 ҳисобида ғалабага эришди. Бизда навбатдаги олтин!
- 80 кг вазн тоифасида Олтиной Сотимбоева финал жангида мезбонлар вакиласи, хитойлик Йилиан Жан билан чемпионлик учун баҳс юритди. Аслида, бу жангда Олтиной фаолроқ ва аниқроқ эди. Негадир ҳакамлар Жанни ғалабасини эътироф этишди. Балки улар ҳақдир! Бироқ Олтиной олтин олишга ҳақли эди. Назаримда бироз мезбонлик фактори роль ўйнагандек… Якуний ҳисоб 2:3 кўриниш олди ва Сотимбоева вице-чемпионликни қўлга киритди. Навбатдаги кумуш!
Шу тариқа Жаҳон кубогидаги барча финалчиларимиз иштирокидаги жанг якунланди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.

Фикрлар