Яна Суперлигани кўзлаётган "Металлург" про лига етакчисига айланишга қанчалик тайёр?

Бу йилги про лига янада шиддатли ва юқори интригага бой ўтиши кутилмоқда. Чунки ўз олдига аниқ ва жиддий мақсадларни қўйган клублар талайгина ва улардан бири Бекободнинг "Металлург" жамоаси. Яна қайта ташкил этилган ушбу клуб катта иштиёқ билан янги мавсумга киришмоқда.

Клуб матбуот хизмати эса жамоанинг про лига янги мавсумида иштирок этадиган таркиби борасидаги қизиқарли маълумотларга эътиборингизни қаратмоқчи.

"Ўзметкомбинат" АЖ раҳбари Баҳодир Абдуллаевнинг ташаббуси билан қайта ташкил этилган "Металлург" қисқа фурсатда про лига янги мавсумига тайёргарлик кўрди. Соҳада улкан тажрибага эга мутахассис "Металлург" клуб бош директори этиб тайинланган Улуғбек Мирзаев жамоа янги мавсум стартига максимал равишда бўлиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилишида жонбозлик кўрсатди. Бутун жамоа ягона мақсад йўлида бирлашди. 

Мазкур тайёргарлик жараёни давомида мураббийлар штаби қатор футболчиларни кўрикдан ўтказди, керакли нуқталарга янги ўйинчилар таклиф этилди, таркиб саралаб борилди ва якунда энг муносиблар билан шартнома имзоланди. 

Натижада, аввалроқ, эълон қилганимиздек, "Металлург" профессионал футбол клуби лига регламентига мувофиқ 25 нафар футболчини рўйхатдан ўтказди. 

Булар: 3 нафар дарвозабон, 9 нафар ҳимоячи, 9 нафар ярим ҳимоячи ва 4 нафар ҳужумчи. Эътиборга лойиқ жиҳати, про лигада чемпионликни мақсад қилган "Металлург" таркибида 4 нафар легионер футболчи мавжуд. Ҳимоячи Владимир Бубаня "Хоразм", "Андижон" ва "Сурхон" клублари сафидаги ўйинлари билан ўзбек футболи мухлисларига яхши таниш бўлса, ҳужумкор ярим ҳимоячи Армин Бошнякни "Андижон" клуби мухлислари яхши эслашади. Шунингдек, янги мавсумда марказда ва таянч зонасида Бранимир Йочичнинг ўйинлари бекободлик мухлисларга манзур бўлади, деб умид қилаинмоқда. Ҳужумда эса "футбол сеҳргарлари" юрти вакили Максвел да Силва маҳоратини кўрсатади. 

Қайд этиш лозим, клуб раҳбарияти ҳамда бош мураббий жамоа олдига қўйилган вазифадан келиб чиқиб таркибни шакллантиришда тажрибали футболчилар билан бир қаторда иқтидорли ёш футболчиларни ҳам жалб қилишга уринишган. Суҳроб Султонов, Азимжон Аҳмедов, Мирзохид Ғофуров, Асилжон Бегимқулов, Санжар Шоаҳмедов, Дониёр Нарзуллаев ва Жасурбек Ҳакимов каби футболчилар ўзбек футболида катта тажрибага эга эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Айнан шу йигитлар ёш укаларига ўрнак бўлиб, керак вазиятда маслаҳат билан, керак бўлса ёрдами билан жамоани олға етаклашга уринишади. Шубҳасиз, таркибда қандай футболчилар жам бўлмасин, уларнинг бошини қовуштирадиган, бир ёқадан бош чиқариб, бир мақсад томон йўналтирадиган мураббий бўлади. Ўз даврида тўпурар ҳужумчи бўлган Илҳом Мўминжонов мураббий сифатида ҳам катта тажрибага эга. Суперлиганинг қатор жамоаларида ишлаган Мўминжонов Бекобод жамоасини яна элитага қайтаришга ҳаракат қилади.   

28 ёш профессионал футболчи учун маълум тажриба тўпланган, айни гуллаган давр десак, муболаға бўлмайди. Таркибни шакллантиришдаги тажриба ва ёшлик уйғунлашганлигининг исботи сифатида айтишимиз мумкинки, "Металлург" жамоасининг мавсум учун таркиби ўртача ёши 28,2 ни ташкил қилади. Шундай экан, шу ҳафта сўнгида старт оладиган мавсумдан бекободликларнинг умиди катта. 1-турда "Металлург" сафарда "Яйпан" жамоаси билан куч синашади. Мавсум учун барча нарса шай ҳолатда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!