Янги мавсумда янада юқори марралар - ОКМКнинг тақдимоти қандай ўтди?

TIGGO 2 PRO

Мамлакатимизда футбол клублари анъанага кўра, ҳар йили мавсум олдидан тақдимот маросимларини ўтказиб, янги футболчиларни оммага таништиради. Шулар қаторида ОКМК футбол клуби ҳам кеча, 5 март куни «ОКМК спорт мажмуаси»да янги мавсум олдидан расмий тақдимот маросимини ўтказди.

Тадбир аввалида ўтган мавсумларда жамоа шарафини ҳимоя қилиб, ёрқин ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган футболчилар ҳамда жорий мавсумдан бошлаб клуб таркибига қўшилган маҳаллий ва легионер футболчиларнинг таништирув тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тадбир давомида ОКМК ФК президенти Абдулла Хурсанов сўзга чиқиб, жамоанинг ўтган мавсумда вице-чемпионликни қўлга киритгани, бу натижага эришишда бутун жамоанинг меҳнати ва бирдамлиги катта рол ўйнаганини таъкидлади. Шунингдек, у жорий мавсумда ҳам жамоа олдида юксак мақсадлар тургани, нафақат ички чемпионатда, балки халқаро мусобақаларга йўлланма олиш йўлида футболчиларга омад тилади.

Бу самимий тилакларга жавобан, ОКМК ФКнинг бош мураббийи Миржалол Қосимов жамоага яратилаётган қулай шароитлар учун миннатдорчилик билдириб, янги мавсумда ҳам янада юқори марраларни забт этиш ниятида эканлигини билдирди.

Шундан сўнг, ОКМК ФК бош директори Баҳодир Мирзаев минбарга чиқиб, 2024 йилда амалга оширилган лойиҳалар юзасидан маълумот берди. У жамоанинг ривожланиши йўлида катта ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб, ОКМК футбол академиясининг ташкил этилгани, ёш футболчилар учун замонавий майдонлар барпо этилгани ва узоқ ҳудудлардан келиб шуғулланадиган иқтидорли футболчилар учун яшаш ва истиқомат қилишга мўлжалланган ётоқхона қурилаётгани ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, 2025 йилдан бошлаб Ангрен шаҳрида «ОКМК-Семурғ» жамоасининг фаолият бошлаши нафақат клуб, балки Ангрен аҳолиси учун ҳам муҳим қадам сифатида эътироф этилди. Бу эса нафақат ҳудудий футболнинг ривожига ҳисса қўшиши, балки янги истеъдодларнинг етишиб чиқишига имкон яратиши таъкидланди.

Маросим кўтаринки кайфиятда давом этар экан, тақдимотнинг кейинги қисмида ОКМК ФК президенти, бош директори ва бош мураббийи иштирокида жамоанинг янги мавсум учун махсус ўйин формаларининг тантанали тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу формалар ўзбек бренди – «7САБЕР» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган тўплам бўлиб, футболчиларга расмий равишда топширилди.

Тадбирга ташриф буюрган ОКМК ишқибозлар ҳар қандай шароитда жамоани қўллаб-қувватлашларини таъкидладилар ва шу билан биргаликда тадбирга ташриф буюрган мухлислар ўз севимли футболчилари билан фотосессияда иштирок этиш имконига эга бўлдилар.

Эслатиб ўтамиз, ОКМК ФК қишки трансферлар ойнасида таркибини қуйидаги футболчилар билан кучайтирди: маҳаллий футболчилардан Ҳумоюншоҳ Сайётов, Аброр Каримов, Акбар Ўктамов, Асад Собиржонов ва Абубакр Ризо Турдиалиев жамоага жалб этилди. Шу ўринда, «кончилар» легионерлардан япониялик Наоаки Сенага ҳамда австралиялик Ажак Риак каби футболчиларни ҳам ўз сафига қўшиб олди.

Шунингдек, илгари "Бунёдкор" ва "Олимпик" жамоаларида ижарада тўп сурган Аҳмадулло Муқимжонов яна ОКМК таркибига қайтди. Бундан ташқари, ўтган мавсумда ОКМК таркибида барқарор ўйин кўрсатган Авазбек Ўлмасалиев, Ислом Тўхтахўжаев, Ойбек Рустамов ва Сардор Мирзаев билан шартнома муддати узайтирилди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!