Янги мураббий Шомуродовни ўйнатмайдими?

“Специя”га янги бош мураббий тайинлангани расман эълон қилинди. Энди жамоани А Серияда олиб қолиш вазифаси Леонардо Семпличига юклатилди. Агар бу мутахассис олдига қўйилган талабни бажара олса, икки йил давомида “Специя”ни бошқариш имконига эга бўлади.

Янги бош мураббий клубга ўзининг ёрдамчи мураббийлари билан келди. Мавсумни охиригача Андреа Консуми, Юрий Фаббрицци, Россано Казони ва Алессио Рубичини италиялик мутахассисга жамоани муҳим ўйинларга тайёрлашда ёрдам беради.

960-600-leonardo-semplichi

Италия футболи экспертлари “Специя” ўйин услубида қандай ўзгаришлар бўлиши ва мураббийлар штаби қайси футболчиларга кўпроқ суяниши ҳақида таҳлилларни бера бошлади.

Шу ўринда, Элдор Шомуродов мухлисларини легионеримизга муносабат қандай бўлиши қизиқтирмоқда. Чунки ҳужумчимизни “Специя”га бош мураббийликдан олинган Лука Готти таклиф қилган эди.

Италия футболини ёритаётган https://www.calcionews24.com сайти мутахассислари янги бош мураббий таркиб танлашда Элдор Шомуродовни илк дақиқалардан ўйнатмайди, деган тахминни илгари суряпти.

Мазкур сайт Леонардо Семпличи 26 февраль куни сафарда “Удинезе”га қарши баҳс учун 4-2-3-1 схемасини танлашини таъкидлаяпти. Янги бош мураббий дебют учрашувида ҳужумда жамоа тўпурари Мбала Нзоладан фойдаланмоқчи экан. Олдинги чизиқда унга Даниэеле Верде, Кевин Агудело ва Эммануэль Гьясси ёрдам бериши кутиляпти.

Умуман олганда, https://www.calcionews24.com бўлажак ўйинга қуйидагича таркибни кутяпти:

“Специя” (4-2-3-1): Драговски; Амьян, Ампаду, Николау, Реца; Бурабия, Экдаль; Гьяси, Агудело, Грин; Нзола.

Таниқли журналист Жанлука ди Марциога тегишли https://gianlucadimarzio.com  сайтида фаолият юритаётган экспертлар таҳлилга чуқурроқ ёндашди. Улар Семпличи аввалги жамоалари, хусусан СПАЛ ва “Кальяри”да қўллаган ўйин схемаларини ўрганиб чиқди.

Унга кўра, Леонардо Семпиличи катта эҳтимол билан “Специя” футболчилари кўниккан 3-5-2 схемасидан фойдаланади. Лука Готти ҳам мавсум давомида шогирдларини шу услубда ўйнатиб келди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Семпличи вазиятга қараб,   3-5-1-1 тактик схемасидан ҳам кенг фойдаланади. Ҳар икки схемада ҳам асосий оғирлик майдон марказига, хусусан, ҳар икки қанот ярим ҳимоячиларига тушади. Бундан ташқари, плеймейкер ҳужумчиларни қулай вазиятга чиқариш учун анча тер тўкиши талаб этилади.

Биз учун қизиқ бўлган жиҳати ҳужум чизиғидаги вазият.  Ҳозир “Специя”да асосий амплуаси маркази ҳужумчи бўлган уч нафар футболчи – Мбала Нзола, Элдор Шомуродов ва Раймондс Кроллис бор. Улар орасида 21 ёшли Кроллис ҳали анча тажрибасиз.  Мбала ва Шомуродовнинг кучли бешлик чемпионатларида “суяги қотиб” бўлди.

Жамоа тўпурари Нзола ҳужум марказидан ташқари фақат ўнг қанотда ўйнай олади. Шомуродовнинг устунлиги шундаки, легионеримиз ҳар икки қанот ҳужумчиси вазифасини ҳам  тўлиқ уддалай олишини “Рома”даги ўйинларида кўрсатган.

Семпличи қўллайдиган ҳар икки тактикада ҳам Шомуродов ва Нзоладан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш мумкин.

Яна икки ҳужумкор футболчидан бири Даниэле Верде ўнг қанотда ва Эммануэль Гьяси эса чап томондан ҳужум ташкил қилишда етакчи ҳисобланади.

Мутахассислар Элдор Шомуродовга хос бўлган меҳнаткашлик, курашувчанлик, тезкорлик, яхши техника ва дриблинг эгаси экани легионеримизга янги мураббийлар штаби ишончини қозонишида қўл келади. Қолаверса, “Специя” бир неча ой учун катта сумма – 1,5  миллион евро тўланган футболчини захирага ўтқазиб қўймайди.

shomurodov.44527

“Специя” янги мураббийдар қўл остидаги илк учрашувини 26 февраль куни сафарда “Удинезе”га қарши ўтказади. Бу баҳс Тошкент вақти билан 22:00 да старт олади.

Ҳужумчимиз саккизта легионер билан бирга ўйнайди

Энди Шомуродовга бошқалар устозлик қилади

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!