Янги Олимпия даврига тайёргарлик режалари кўриб чиқилди

Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларининг якуни ва олдинда кутиб турган йирик комплекс мусобақаларга тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Мазкур учрашувда Спорт вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Сакен Пўлатов ва Азизжон Камиловлар иштирок этишди.

Даставвал, Франция пойтахти мезбонлик қилган ХХХИИИ ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг иштироки муҳокама қилинди. Унда эришилган ютуқ ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилиниб, зарур вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 август куни спортчи ва мураббийларимиз билан учрашувда янги Олимпия цикли учун белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Суҳбатда Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик, хусусан, Ўйинлар дастури ва унга киритиладиган спорт турларини кўриб чиқиш кун тартибидан ўрин олди ва бу бўйича барча масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ва Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Унда жамоавий спорт турлари ва аёллар спортига янада кўпроқ аҳамият қаратиш, терма жамоаларнинг моддий-техник базасини яхшилаб, тажрибали хорижий мураббийларни жалб этиш, спортчиларнинг тиббий таъминотини кучайтириш каби мавзулар юзасидан фикр алмашилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!