Япония чет эл спортчилари учун карантин юмшатилиши чораларини бекор қилди

Япония мамлакатга халқаро мусобақаларда қатнашиш учун келаётган чет эл спортчиларига аввал юмшатилган карантин чораларини бекор қилди.

Илгари Токиода Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда мамлакатга халқаро мусобақаларда иштирок этиш учун келаётган чет эл спортчиларига нисбатан карантин чоралари юмшатилган эди. Жумладан, улар муайян шартларга риоя қилганлари ҳолда талаб этилган 14 кунлик карантин муддатини ўтамасдан машқлар ўтказишлари ва мусобақаларда иштирок этишлари мумкин бўлган. Чет элдаги мусобақаларда иштирок этиб, мамлакатга қайтиб келган япон спортчиларига ҳам ана шундай енгиллик берилган эди.

Бироқ Япониянинг 11 та префектурасида фавқулодда вазият эълон қилинганлиги муносабати билан барча спортчилар икки ҳафта давомида карантинда бўлишлари ва ана шу вақт давомида машғулотлар ва мусобақаларда иштирок эта олмасликлари белгилаб қўйилди. Бундай чоралар фавқулодда вазият бекор қилингунга қадар давом этади.

Японияда фавқулодда вазият эълон қилинганлиги мамлакатда одамларнинг коронавирусга чалиниши ортиб кетаётганлиги билан боғлиқ. Фавқулодда вазият 7 февралгача давом этиши белгиланган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!