Ёрқин Назаров учун охирги имкониятми? Уни "Навбаҳор" билан нима боғлаб туради? "Сўғдиёна" ноқулай рақиб, чунки...
Чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири – “Навбаҳор” бу турда Наманганда Жиззахнинг “Сўғдиёна”сини қабул қилади. Футбол одамларидан ва унинг ихлосмандларидан эшитяпмизки, аксарияти “Навбаҳор”нинг яққол ғалабасини гапиришяпти. Бунга сабаб “Навбаҳор”нинг кучли эканлигида эмас, балки “Сўғдиёна”нинг ўз даражасида кўринмаётгани ва унинг кучига шубҳа қилинаётгани билан боғлиқ.
“Навбаҳор”нинг бугунги салоҳиятини яна такрорлашимиз шарт эмас. Ўзи шундоқ ҳам чемпионлик учун курашаётган клуб ўтган турда асосий рақобатчиси “Пахтакор”га ютқазиб, кўзи қонга тўлиб турибди. Бундай пайтда қайсидир маънода “Сўғдиёна”га ачинасан киши. Чунки ўзи шундоқ ҳам чемпионатни омадсиз бошлаб, ҳали ғалаба қозона олмаётган бир пайтда кейинги рақиб Наманганда “Навбаҳор” эканлиги уларнинг ишини янада мураккаблаштирмасдан қолмайди.
Куни кеча сайтимиз орқали тур олдидан Бахтиёр Ҳамидуллаевнинг ҳар бир жуфтликка ўз муносабатини билдиргани ҳақидаги мақолани чоп этгандик. Ўшанда собиқ футболчи ўтган йилги “Сўғдиёна”дан ҳеч нима қолмаганлигига урғу бериб ўтганди. Биласиз, бош мураббий Улуғбек Бақоев кетди ва ундан сўнг бир қатор етакчи ўйинчилар ҳам жамоани тарк этишди. Улардан учтаси энди “Навбаҳор”да эканини биласиз-а? Булар – Шохруз Норхонов, Лука Чермель ҳамда Шаҳбоз Жўрабеков собиқ клубига қарши майдонга тушишлари мумкин. Бу футболчилар учун “Сўғдиёна”га қарши учрашув ўзгача аҳамият касб этса керак.
Ёрқин Назаров бош мураббийлик қилаётган жиззахликлар 3 та учрашувда 1 дуранг ва 2 мағлубият қайд этишиб, турнир жадвалида охирги ўринда. Сўнгги пайтларда Бақоевнинг яна “Сўғдиёна”га қайтиши мумкинлиги борасида гап-сўзлар йўқ эмас ва Намангандаги беллашув Ёрқин Назаров учун охирги имконият деяётганлар ҳам бор. Яқинда шу масала бўйича мураббий билан гаплашганимизда ҳар қандай ҳолатда ҳам “Навбаҳор”га қарши учрашувдан кейин интервью беришини айтиб ўтди. Уни ҳам матбуотга айтадиган қандайдир гаплари борга ўхшайди.
Яна бир гап: “Сўғдиёна” охирги пайтларда “Навбаҳор” учун айниқса Намаганда жуда ноқулай рақибга айланган. Ўтган йилги натижаларга эътибор қаратинг: Наманганда “Сўғдиёна” 1:2 ҳисобида ютган ва Жиззахда 0:0 бўлган. 2021 йилда эса “Сўғдиёна” уйида ҳам, меҳмонда 1:0 натижаси билан устун келган. 2020 йилнинг иккинчи даврасида ҳам жиззахликлар ўз майдонида ягона гол эвазига ғалаба қозонган. Биринчи даврада Намангандаги баҳсда “Навбаҳор”нинг қўли баланд келганди – 2:0. Статистика шуни кўрсатяптики, жамоаларнинг охирги 5 та учрашувидан буён “Навбаҳор” бу рақибини ютолмаяпти. 1 дуранг ва 4 мағлубият. Икки йилдан бери “Сўғдиёна” Наманганда ютиб кетяпти. Айнан бу рақамлар чиндан “Сўғдиёна”нинг “Навбаҳор” учун ноқулай рақибга айланганини кўрсатиб турибди. Балки бу сафар жиззахликларнинг мезбонларга “тиши” ўтмас, яна ким билади, дейсиз?!
Умуман олганда, ўзаро ўйинлар тарихи бўйича тўхталадиган бўлсак, бу сафарги беллашув 55-ўйинга айланади. “Навбаҳор”да 25 та, “Сўғдиёна”да 21 та ғалаба бор. 8 та учрашувда ғолиб аниқланмаган. Тўплар нисбати 89х62 наманганликлар фойдасига. Ўйинлар тарихида “Навбаҳор”нинг энг йирик ғалабаси 7:0 ни ташкил қилади. Бу ўйин 1996 йилда бўлиб ўтган.
Дарвоқе, энди “Навбаҳор”нинг “Сўғдиёна”га қарши ўйинида стадион томошабинлар билан тўлса керак. Негаки, Рамазон ойи муносабати билан стадионга кириш бепул деб эълон қилинди. Бу шубҳасиз “Навбаҳор”нинг устунлигини янада таъминлайди. Футболда кутилмаган натижалар бўлиб туради, бу сафар ушбу иборани Намангандаги учрашувда қўллаймизми ёки йўқ, буни ҳакамнинг хуштагидан сўнг билиб оламиз.
Шунингдек, "Сўғдиёна" устозини "Навбаҳор" билан нима боғлаб туради? Билсангиз, у футболчилик пайтида Наманган жамоасида ҳам тўп сурган. Қолаверса, яна бир факт шундан иборатки, Ёрқин Назаров Суперлигада мураббий сифатида ҳозирча ягона бўлиб турган ғалабасини айнан "Навбаҳор"га қарши учрашувда қўлга киритган. 2021 йилги мавсумда "Андижон" бош мураббийи сифатида Намангандан 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар