Ёзни трансферлар билан "ёндираётган" Саудия футболи. Амалга ошган ва ошиши кутилаётган трансферлар ҳақида нималарни биласиз?

Ёзги трансферлар ойнаси аллақачон очилганидан хабарингиз бор. Бугунга қадар бир қанча кутилган ва кутилмаган олди-сотди ишлари амалга оширилди. Айни вақтда энг оламшумул хабарлар Саудия Арабистони атрофида пайдо бўлмоқда. Қитъадошларимиз улкан миқдордаги пуллар эвазига юлдузларни араб диёрига жалб қилиш билан банд. 

Биз бугун Саудия ўлкасида юз берган ва тез орада амалга ошиши кутилаётган трансферлар ҳақида фикр юритамиз. 

Карим Бензема - "Ал-Иттиҳод".

benalitti

Шубҳасиз, ёзнинг энг қайноқ харидларидан бири. Каримнинг "Реал"дан кетишининг ўзиёқ катта шов-шув бўлса, унинг Саудия Арабистонига келиши иккинчи шок хабар бўлди. Тўғри, мусулмон футболчининг араб диёрига келиши одатий ҳол бўлиши мумкиндир, аммо бизнингча, Бензема ҳали Европанинг топ клубларида ўйнаш имконига эга эди. Бироқ француз "Реал"нинг ҳурмати учун Европанинг бошқа жамоасига ўтишни лозим топмади. 

Амалдаги "Олтин тўп" соҳиби "Иттиҳод"да йилига 200 миллион фунт стерлинг ишлаб топади. Сониясига 6, дақиқасига 350, соатига 20 минг ҳамда кунига 500 минг фунт стерлинг футболчининг чўнтагига бориб тушади. У клуб билан 3 йиллик шартномага имзо чекканини ҳисобга олсак, Карим 2027 йилгача 600 миллионга эга бўлади. Ажойиб-а, шундай эмасми? 

Ҳа, айтганча, трансфер саудияликлар учун текинга тушган. Сабаби, Бенземанинг "қироллик клуби" билан тузган шартномаси якунига етганди ва ҳужумчи янги битимга розилик бермади. 

Н'Голо Канте - "Ал-Иттиҳод". 

канте

Камтар Кантенинг Саудия Арабистонида пайдо бўлиши Бензема трансферидан сўнг унча ҳайратланарли бўлиб кўринмади. Аслида, Н'Голо "Челси"га ҳали фойда келтириши мумкин эди. Бироқ лондонликлар клубда "тозалаш ишлари" олиб бораётган бир пайтда меҳнаткаш ярим ҳимоячига ҳам жавоб бериш вақти келганини англаб етишди. Эссиз, футболчи:(

Франциялик чарм тўп устаси 2027 йилга қадар мўлжалланган шартномага имзо чеккан. Унинг бир мавсумдаги маоши 25 миллион еврони ташкил этади. Таққослаш учун, у "Челси"да ҳар мавсум 15 миллион евро ишлаб топган.

"Ал-Иттиҳод" кейинги мавсум лигада чемпионликни ҳимоя қилиш учун иккита зўр трансферни амалга оширди. Бунисига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.

Рубен Невеш - "Ал-Ҳилол".

neves

Португалиялик футболчи "Барселона"дан таклиф борлигига қарамасдан Саудия Арабистони клуби вариантини ўзига маъқул деб топди. Каталонияликлар ярим ҳимоячини эркин агент сифатида клубни тарк этган Серхио Бускетс ўрнига муносиб номзод сифатида  кўраётганди. Бироқ футболчи катта пулларни карьерадан устун қўйди ва Осиё томон йўл олди.

У ҳар мавсумда 15 миллион евро ишлаб топади. "Барселона" эса унга камроқ маош таклиф қилган. Устига-устак, футболчи "бўрилар" томонидан таклиф этилган шартномага ҳам рад жавобини берган. 

Қайд этиш лозим, "Ал-Ҳилол" Невеш учун "Вулвз"га 47 миллион фунтнинг баҳридан ўтди. Бу АПЛ клуби тарихидаги рекорд трансфер ҳисобланади. 

Неймар.

ней

Неймарга ҳам Саудия Арабистонидан таклифлар йўқ эмас. Унга "Ал-Ҳилол" клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда. Месси трансфери ўхшамагач, энди жамоа бор эътиборини унинг яқин дўсти Неймарга қаратди ва уни дунёнинг энг кўп маош оладиган футболчисига айлантиришни режа қилди. Бироқ бразилиялик иқтидор соҳиби бу каби оламшумул таклифларга рад жавобини бера олди ва Европада қолиш нияти борлигини араб ишбилармонларига маълум қилди. 

31 ёшли Неймарнинг ПСЖ билан яна 2 йилга амал қиладиган шартномаси мавжуд. Катта эҳтимол, у келишув муддати якунига етгач бошқа жамоага кўчиб ўтади. Бу катта эҳтимол билан Америка қитъасидаги клублардан бири бўлиши кутилмоқда. Балки "Ней" яна Месси билан бирга тўп тепиш бахтига муяссар бўлар...

Сон Хин Мин.

сон

Жанубий кореялик футболчи Сон Хин Минда фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириш имконияти мавжуд. Янги лойиҳалар, катта пуллар ва таниш юлдузлар жамланган лигада қитъадошимиз кўриниш бериб қолиши ҳам мумкин. 

Унга Бензема ва Кантени ўз сафига қўшиб олган "Ал-Иттиҳод" жамоаси расмий таклиф юборгани ҳам айтилмоқда. Бироқ футболчи ва унинг ҳозирги жамоаси "Тоттенхэм" ҳам бу таклифни рад этган. Шунга қарамай, саудияликлар тўхтамоқчи эмас. Улар йирикроқ сумма билан ўз мақсадига эришиш учун яна бир бор курашиб кўриши эҳтимолдан ҳоли эмас.  

Неймар ва Сондан ташқари Ҳаким Зиеш, Калиду Кулибали, Марсело Брозович Эдуард Менди ва Томас Парти каби юлдузларга Саудия клубларидан таклифлар келиб тушган ёки келиб тушмоқда. Улар сафига яна бошқа машҳур футболчилар қўшилиб қолса ҳам ажабланмаймиз. Зеро, Саудия Арабистонида футбол ўзининг янги босқичига қадам қўймоқда. 

 

 

Қайд этиш лозим, Саудия Арабистони клублари билан битим имзолаган ушбу юлдузлар Ўзбекистонга ташриф буюриш эҳтимоли жуда юқори. Боиси, Саудия клублари ОЧЛ доирасида гуруҳ босқич ўйинларини ўзбек клубларига қарши ўтказади. 2 жамоамиз тўғридан-тўғри гуруҳ босқичида ўйнаш имконини қўлга киритган бўлса, яна икки клубимиз саралаш босқичида иштирок этади. 

Саудия Арабистонида эса чемпион "Ал-Иттиҳод" ва кубок соҳиби "Ал-Ҳилол" гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланма олган бўлса, "Ан-Наср" саралашдан мусобақани бошлайди. Аммо плей-оффда Роналду ва унинг шериклари "Навбаҳор" ёки ОКМК билан тўқнаш келмайди. Хуллас, Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи бизнинг жамоалар ва умуман, ўзбек футбол мухлислари учун ҳам сюрпризларга бой бўлиши кутилмоқда.

 

Шоҳрух Зоиров.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!