Юзидан зарба еган машҳур футболчи учун мавсум тугади
“Милан”нинг англиялик ярим ҳимоячиси Рубен Лофтус-Чик А Сериянинг 26-турида “Парма”га қарши ўйинда олган жағ жароҳати сабабли бу мавсумда майдонга қайтмаслиги мумкин.
Ҳодиса ўйиннинг 8-дақиқасида содир бўлди. Лофтус-Чик тўпни тепиш пайтида рақиб дарвозабони Эдоардо Корви билан тўқнашган. Зарбадан кейин англиялик футболчи майдонга йиқилган ва бўйни маҳкамланган ҳолда тиббиёт ходимлари назорати остида замбилда олиб чиқилган.
Sky Sport Italia маълумотига кўра, дастлабки текширувда ярим ҳимоячининг камида икки юқори тиши сингани, шунингдек юзининг икки жойда кесилиш жароҳати борлиги, улардан бири пешонада экани аниқланган. Шу билан бирга ўйинчи ҳушидан кетмаган ва мия чайқалиши қайд этилмаган.
Яқин вақт ичида Лофтус-Чик жағ-юз операциясини ўтказиши керак. Шикастланиш хусусиятига қараб тишларни мустаҳкамлаш учун винтлар ёки пластиналар қўлланиши мумкин. Шунингдек, футболчи бир муддат зонд орқали овқатланиши талаб қилинади.
Ҳозирча тикланиш муддати номаълум, чунки бу турдаги жароҳат футболчилар учун одатий эмас. Рубен мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юбориш эҳтимоли катта.
Фикрлар