Дастлабки икки ярим ҳафта давомида бутун дунёдаги футбол мухлислар гуруҳ баҳсларини  томоша қилишади, бу босқичда жами 72 та ўйин ўтказилади. Улар орасида машҳур ўйинчиларнинг ўзаро тўқнашувлари ҳам бор.

2026 йилнинг 11 июнидан 19 июлигача АҚШ, Мексика ва Канада яшил майдонларида тарихий турнир – “Жаҳон чемпионати-2026” бўлиб ўтади. Мундиалнинг бир неча кўрсаткичлар бўйича илк бор, яъни биринчи маротаба учта мамлакатда, 48 та терма жамоа ва 12 та гуруҳга бўлинган ҳолда ўтказилиши – бу жаҳон футболи тарихида мутлақо янги саҳифа бўлади.

Sports.uz портали бўлажак жаҳон чемпионатида кузатиладиган марказий “дуэллар” ҳақидаги маълумотларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.

Винисиус Жуниор — Ашраф Ҳакими тўқнашуви

13 июнь куни АҚШнинг Нью-Жерси штатидаги Ист-Ратерфорд шаҳрида  “C” гуруҳи вакиллари – Бразилия ва Марокаш терма жамоалари ўртасида ўйин бўлиб ўтади. Беш карра жаҳон чемпионлари ҳар доим ўзига катта эътибор жалб қилиб келган. Марокашликлар эса, 2022 йилги мундиалда тўртинчи ўринни эгаллаб, кўплаб мутахассисларни ҳайратда қолдирган эди.

Бу тўқнашувда Винисиус Жуниор ва Ашраф Ҳакими ўртасидаги курашни кузатиш жуда қизиқ бўлади. “Реал” ва “Пари Сен-Жермен” юлдузлари миллий терма жамоа сафида илгари бир бирига қарши ўйнаган ва ўзаро футболка ҳам олишган. Винисиус таътилда Ҳакимининг формасини кийиб юргани тарқалиб кетган эди.

Жереми Доку — Муҳаммад Салоҳ тўқнашуви

15 июнь куни Сиэтлда (Вашингтон, АҚШ) “G” гуруҳида Бельгия ва Миср терма жамоалари ўртасида учрашув бўлади. Европаликлар фаворит ҳисоблансада, Мисрнинг ишонган қуроли бор: бу Муҳаммад Салоҳ.

“Манчестер Сити” шарафини ҳимоя қилаётган Жереми Доку Англия Премьер-лигасида Муҳаммад Салоҳнинг “Ливерпуль”ига қарши бир неча бор ўйнаган. Энди бу рақобат халқаро миқёсга кўчади.

Жуд Беллингем — Лука Модрич тўқнашуви

17 июнь куни Далласда (Техас, АҚШ) “L” гуруҳида мундиалнинг гуруҳ босқичидаги энг қизиқарли ўйинлардан бири бўлиб ўтади. Унда Европанинг икки вакили – Англия ва Хорватия ўзаро тўқнаш келади.

Англия охирги икки Европа чемпионати финалига чиққан, Хорватия эса охирги икки жаҳон чемпионатида кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган эди.

Жуд Беллингем ва Лука Модричнинг юзма-юз ўйини-чи?  “Реал”нинг янги юлдузи энди “Қироллик клуби” афсонасига қарши жаҳон чемпионатида ўйнайди. АҚШ майдонларидаги 22 ёшли Жуд ва 40 ёшли Лука “дуэли” мухлисларнинг назаридан четда қолмаслиги аниқ.

Криштиану Роналду — Абдуқодир Ҳусанов тўқнашуви

23 июнь куни Хьюстонда (Техас, АҚШ) “K” гуруҳида Португалия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўйин Марказий Осиё минтақаси ва МДҲ давлатларида катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.

Аслида Ўзбекистон терма жамоасининг Португалия билан бўладиган учрашувига ҳозирнинг ўзидан жуда кўп муносабатлар билдирилмоқда.

Энди жаҳон футболида энг кўп гол урган Португалия афсонаси Криштиану Роналду ва ўзбекистонликларнинг асосий юлдузи Абдуқодир Ҳусанов ўртасидаги тўқнашувни тасаввур қилиб кўринг.

Бўлажак баҳсда улар позиция жиҳатидан тез-тез бир-бирига қарши ҳаракат қилишади: Криштиану ҳужум марказида, Абдуқодир эса ҳимоя чизиғининг ўртасида ўйнайди.

Шунингдек, Ҳусанов “Манчестер Сити”даги жамоадошлари Рубен Диаш, Матеуш Нуньеш ва Бернарду Силвага қарши ҳам ўйнашига тўғри келади.

Қолаверса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Криштиану Роналду жуда яхши танийдиган ўйинчилар ҳам бор. Хусусан, 40 ёшли юлдуз “Ювентус” шарафини ҳимоя қилган даврда Элдор Шомуродовга қарши ўйнаган.

Жалолиддин Машарипов эса, Роналду “Ан-Наср”га келган пайтда португалиялик футболчининг севимли 7-рақамини унга бўшатиб берган. Роналду ва Машарипов бирга ўйнаб, анча дўстлашиб қолганини ҳам ўзбек мухлислари яхши билади.

Эрлинг Холанд — Килиан Мбаппе тўқнашуви

26 июнь куни “I” гуруҳида Норвегия ва Франция терма жамоалари бир бирига қарши майдонга тушади. Бу баҳсда охирги икки жаҳон чемпионати финалида ўйнаган “уч ранглилар” фаворит. Бироқ норвегияликлар ҳам ҳозир жуда яхши формага кирган. Кўпчилик бу ўйинни жамоалар тўқнашуви сифатида эмас, балки Эрлинг Холанд ва Килиан Мбаппе ўртасидаги “отишма”ни кўриш учун ҳам томоша қилади.

“Манчестер Сити” ва “Реал” ҳужумчилари охирги 15 йилда бутун футбол жамоатчилиги ўзига қаратган Лионель Месси ва Криштиану Роналду рақобати ўрнига катта саҳнага чиқиши керак.

“Реал” ва “Сити”нинг Европа Чемпионлар лигаси доирасидаги ўзаро тўқнашувида бу гал Килиан Мбаппе жароҳат туфайли майдонга туша олмади. Энди юзма-юз рақобат мундиалда бўлади

Федерико Вальверде — Ламин Ямал тўқнашуви

26 июнь куни Гвадалахарада (Мексика) “H” гуруҳидан ўрин олган Уругвай ва Испания терма жамоалари ўртасида шов-шувли ўйин бўлади. Бу ҳам 2026 йилги мундиалнинг дастлабки босқичидаги энг йирик тўқнашувлардан биридир. Уругвай — Лотин Америкасининг энг кучли жамоаларидан, Испания эса амалдаги Европа чемпиони.

Бу баҳсда “Реал” ва “Барселона” фанатлари эътибор марказида бўлиши аниқ. Биринчидан, Испания термасида ҳар икки клуб ўйинчилари бор. Иккинчидан, уругвайликларнинг етакчи футболчиларидан бири Федерико Вальверде “Реал” вакили ҳисобланади.

Агар терма жамоалар етакчиларига назар ташласак, бу Вальверде ва Ламин Ямаль ўртасидаги тўқнашув бўлиши кутилмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, гуруҳ босқичининг барча ўйинлари ҳали эълон қилинмаган, чунки “ЖЧ–2026” йўлланмаси учун айрим жамоаларни ҳал қилувчи плей-офф ўйинлари кутиб турибди.

 

Fikrlar

Fikr qoldirish uchun avtorizatsiyadan o'ting!