
Икки голидан бири ҳисобланмаган Шомуродов нималар деди?
Туркия Суперлигасининг 9-турида энг қизиқарли учрашувлардан бири ўзбекистонлик футбол ишқибозлари мухлислик қилаётган “Истанбул Башакшеҳир” ва мамлакатнинг амалдаги чемпиони “Галатасарой” ўртасида бўлди.
Мезбон жамоа ўйинчиларидан учрашув қаҳрамони Элдор Шомуродов бўлди. 30 ёшли легионеримиз Туркиянинг энг қудратли жамоаси дарвозасини икки бор ишғол қилганди. Лекин биринчи голи кичик оффсайд туфайли бекор қилинди.
“Галатасарой” юлдузларидан Лерой Сане ҳам иккита гол уриб, жамоасининг 2:1 ҳисобидаги қийин ғалабасини таъминлади.
Sports.uz портали учрашувдан кейин ҳар икки жамоа вакиллари билдирган фикр-мулоҳазаларни ўзбекистонлик мухлислар эътиборига ҳавола этади.
НУРИ ШАХИН, “Истанбул Башакшеҳир” бош мураббийи:
Биринчи бўлимда ўйлаб қўйган режаларимизни умуман амалга ошира олмадик. Бунақа учрашувларда қўрқмай ўйнаш керак. Фақат иккинчи рақамда ва узун паслар билан ўйнаб бўлмайди.
“Галатасарой” яхши жамоа, лекин улар ўйин давомида рақибга бўш ҳудудлар бериб қўяди. Иккинчи бўлимда шулардан фойдаландик. Ўйинчиларимга қараб баҳо берсак, ҳеч ким биринчи бўлимдаги ўйиндан қониққани йўқ. Учрашувнинг иккинчи ярмида реакция кўрсата олдик. Лекин бунақа тўқнашувларда 45-50 дақиқа эмас, илк дақиқадан охиригача диққат-эътиборни жамлаб ўйнаш керак.
ОКАН БУРУК, “Галатасарой” бош мураббийи:
Ҳар икки жамоага ҳам сирпанчиқ майдонда ўйнаш осон бўлгани йўқ. Бир неча вазият яратиб, танаффусга чиқиш олдидан гол уришга эришдик. Иккинчи бўлимда рақиб ҳужумкорликни оширди. Аслида биз учта тўп киритишимиз мумкин эди.
Биз жуда яхши жамоани енгдик. Бу жамоада кучли таркиб жамланган. “Башакшеҳир” лига учун жуда муҳим жамоа. Улар катта муваффқиятга эришишига ишонаман. Нури Шахин ҳам кучли мураббий даражасига чиқади. Кучли рақибга қарши қийин ўтган учрашувда уч очко олишнинг қадри янада юқори бўлади.
ЛЕРОЙ САНЕ, “Галатасарой” ҳужумчиси:
Биз жуда яхши учрашув ўтказдик, айниқса, биринчи бўлим зўр бўлди. Иккинчи бўлим бошида айрим муаммоларга дуч келганимизни инобатга олмаса, умуман бутун баҳс давомида яхши ўйнадик.
Халқаро танаффус вақтида бош мураббий Окан Бурук билан бўлажак учрашувга пухта тайёргарлик кўрдик.
ЭЛДОР ШОМУРОДОВ, “Истанбул Башакшеҳир” ҳужумчиси:
Айтадиган гапнинг ўзи йўқ. Биз ютқаздик. Биринчи бўлимда тўпни эгаллай олганимиз йўқ. Ўйиннинг иккинчи ярмида фаолроқ ҳаракат қила бошладик. Бу учрашувда биз ҳеч бўлмаганда дурангга лойиқ эдик, аммо 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйдик.
Энди “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси Туркия чемпионатидаги 10-тур учрашувини 26 октябрь куни сафарда “Антальяспор” футболчиларига қарши ўтказиши белгиланган.
Комментарии