
Ҳусановнинг аҳволи ҳақида сўнгги маълумот
“Манчестер Сити”нинг ўзбекистонлик легионери Абдуқодир Ҳусановнинг майдонга қайтишини нафақат унинг мухлислари, балки Хосеп Гвардиола бошчилигидаги “Манчестер Сити” мураббийлар штаби ва ўйинчилар ҳам кутмоқда.
21 ёшли ҳимоячининг сафга қайтиши иккинчи маротаба ортга сурилди. Гвардиола Ҳусановнинг атиги учта учрашувни ўтказиб юборишини айтганди. Аслида 5 октябрь куни таркибга қайтиши кутилган ҳамюртимиз яна майдондан ташқарида қоляпти.
“Манчестер Сити” фаолиятини ёритиб келаётган манбалардан бири – cityxtra.co.uk портали клуб ичкарисидаги вазиятга ойдинлик киритиб, бу жараёнда Абдуқодир Ҳусановнинг қачон сафга қайтишини ҳам аниқлашга ҳаракат қилди.
- Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити” таркибига қайтиши яна бир ҳафтага чўзиладиган бўляпти. Хосеп Гвардиола жамоаси яна энг иқтидорли ҳимоячилардан бирининг ёрдамига таяна олмайди.
Охирги маълумотларга қараганда, 21 ёшли ҳимоячининг тикланиш жараёни аввал-бошдан кутилганидан анча секин кечмоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси ўтган ойда АПЛ доирасида “Арсенал”га қарши ўтказилган учрашувда шикастланганидан бери ҳали майдонга тушгани йўқ. Яқинда унинг аҳволи яхшиланаётгани ҳақида тарқатилган умидбахш янгиликлар тарқатилганига қарамай, футболчи ҳали ҳам тўлақонли машғулотларни бошламаган.
Ҳусановнинг йўқлиги бир неча учрашувларда билинди. 21 ёшли футболчи халқаро танаффусгача учта мусобақада “Хаддерсфилд”, “Бёрнли”, “Монако” ва “Брентфорд”га қарши қаторасига тўртта ўйинни ўтказиб юборишига тўғри келди.
Абдуқодирнинг универсаллиги, яъни ҳимоя марказида ҳам, ўнг қанотда ҳам ишончли ўйнай олиш қобилияти уни Хосеп Гвардиоланинг тактик ишланмаларида ўта муҳим стратегик аҳамиятга эга ўйинчига айлантирган. Бу таркибни ротация қилиш эҳтиёжи туғилган ва ҳимоя чизиғида кадрлар муаммоси пайдо бўлган пайтда айниқса муҳим омил ҳисобланади.
Жорий мавсумнинг бошидаёқ Ҳусановнинг ўйинлари Хосеп Гвардиолага жуда маъқул келаётган эди. Испаниялик мутахассис ўзбек футболчисини жамоанинг узоқ муддатли ривожланиш йўлида муҳим фигураларидан бири сифатида тан олишини маълум қилган.
Хосеп Гвардиола халқаро танаффусдан кейин тиғиз тақвим бўйича иш юритаётган ва ўйинчилар орасида жисмоний тайёргарлик бўйича муаммолар юзага келган паллада яна муайян муддат Абдуқодир Ҳусановга таяна олмаслиги ҳақидаги хабарни эшитди. Гарчи Ҳусановнинг жароҳати жиддий бўлмаса-да, клуб мутасаддилари вазиятни чуқурлаштирмаслик мақсадида ёш ҳимоячини эҳтиётлаб, тўлиқ тикланиб олишини кутишга қарор қилди.
Агар Абдуқодирнинг тикланиш жараёни режадагидек давом этса, у Англия Премьер-лигасининг кейинги турида “Астон Вилла” майдонида бўладиган ўйингача сафга қўшилади. Ҳамма кутаётган қайтиш 25 октябрь куни рўй бериши мумкин, - деб ёзди cityxtra.co.uk портали журналисти Фрэдди Пай.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов 2025 йилнинг 20 январидан бери “Манчестер Сити” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Transfermarkt портали экспертлари томонидан 35 миллион еврога баҳоланаётган ҳамюртимиз Англия Премьер-лигасида ўйнаётган МДҲдан чиққан футболчилар орасида трансфер суммаси энг баланд ўйинчи ҳисобланади.
Комментарии