Бахтиёр Ашурматов:

“Қўқон-1912” – “Насаф” (1:2) ўртасидаги ўйиндан кейин мезбонлар устози Бахтиёр Ашурматов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Бугун жамоамиз ютқазди ва биз мураббийлар штаби хатога йўл қўйдик. Уйда ўйнашимизни инобатга олиб ҳужумкорроқ таркибни туширишимиз керак эди. Гапнинг очиғи, қўрқоқ тактика танладик. Нимага деганда, майдонда учта марказий ҳимояга мослашган ўйинчиларимиз бор эди. Бунга ҳам ўзига яраша сабаблар бор. Чунки “Насаф” таркибида тезкор ҳужумчилар бор. Биринчи бўлимда гол ўтказмасдан эҳтиёткор ўйин кўрсатиб, иккинчи бўлимда кўпроқ ҳужум қилмоқчи эдик. Афсуски, бу ўзини оқламади. Ҳимояга мослашган таркибни қўйишимизга қарамасдан тезкор гол ўтказиб юбордик. Қиқаси, “Насаф” биринчи бўлимда ҳар томонлама биздан кучли ўйин кўрсатди. Иккинчи бўлимда ўзгаришлар қилдик, ўйинни қутқариш учун охиригача ҳаракат қилдик. Йигитлар сўнгги дақиқаларгача курашишгани учун миннатдорчилик билдираман. Мухлисларимиз учун ҳам ўйнашимиз керак эди. Тўғри, мағлубиятга учрадик. Аммо иккинчи бўлимдаги ҳужумкор ўйинимиз орқали мухлисларимиз олдида ўзимизни оқладик. Бироқ бу дуранг учун ҳам етарли бўлмади.

- Пенальти белгиланган вазиятга муносабатингиз қандай?

- Олдин ҳам айтганман: ВАРга бутунлай қаршиман. Тўғри биз хатоларга йўл қўямиз ва ҳакамлар ҳам. Лекин ВАР ўйин темпини пасайтириб юборади. Бизда шунга ўхшаш вазият бўлганида ВАРга эътибор ҳам қилинмади. Афсуски, керак бўлмаган жойда жарима тўпи ишлаб олдик. Бу ўйинда катта бурилиш ясади. “Насаф” билан учрашувда 0:2 ҳисобида мағлубият бу рақибга катта устунлик беради. Барибир ўйинни ўзгартиришга ҳаракат қилдик. Ҳакамлар тўғрисида қўпол хатога йўл қўйди деб айта олмайман. Лекин бир нарсани тушунмайман: “Пахтакор”ни ютиб турган пайтимизда 8 дақиқа қўшишади, бугун дарвозабон Умид Эргашевга ёрдам бериш учун 7 дақиқа ўйин тўхтаб турди. Бештадан 10 та ўйинчи алмаштирилди. Ўтган сафар менга матбуот анжуманида “Қўқон-1912” ғалабани ушлаб қолиш учун вақт чўзди деб савол беришди. Мана, буларга ҳам шу саволни бериш керак. Ҳар бир жамоа ғалабани ушлаб қолиш учун майдонда ётади. Ҳар бир тўқнашувдан кейин футбочлилар нимадир бўлиб майдонда ётиб олишади, дарвозабон вақт чўзади. Хуллас, ҳакам бор-йўғи 7 дақиқа вақт қўшиб берди. Тўғри, биз ютқазган ўйинга улар айбдор эмас. Аммо камида 12 дақиқа вақт қўшиш керак эди. Ўша 7 дақиқанинг 2 дақиқасида ҳам рақиб дарвозабони майдонда ётди. Қолган вазиятлар бўйича ўзимиз айбдормиз. “Насаф”ни бугунги ғалаба билан табриклайман. Рўзиқул ака Бердиев ажойиб жамоа тузган. Бу мураббийдан кўп нарсани ўрганса бўлади. Уларга кейинги ўйинларда омад тилайман. Бизни энди АГМКга қарши мураккаб ўйин кутяпти. Аммо меҳмонда нисбатан осонроқ ўйнаяпмиз.

- Футболчиларни майдондаги жойлашувида кутилмаган ўзгариш бўлди. Марказий ҳимоячи Йосович олдинроқда ҳаракат қилди. Бу нима билан боғлиқ?

- “Локомотив” билан учрашувда марказий ҳимоячиларимиз – Бобур Акбаров билан Мурод Холмуҳаммедов яхши ҳаракат қилишди. Йосович эса тўртта сариқ карточкаси борлиги туфайли ўйинни ўтказиб юборганди. Ўша учрашувда сариқ карточка олган Ойбек Рустамов эса бугун майдонга туша олмасди. Шу боис унинг ўрнига Йосовични қўйишга қарор қилдик. Тўғри, у бу позицияда кам ўйнаган. Фақат “Насаф”нинг тезкорлигини ўйлаб шу таркибни туширдик. Аммо бу қарор ўзини оқламади. Уйимизда ўйнаётганимиз учун ҳужумкор тактика танлашимиз керак эди. Хатоимни тан оламан.

- Трансфер ойнаси очилган пайтда жамоага кимлар келади?

- Трансфер ойнасида бизга кимдир келади деб аниқ айта олмайман. Албатта, жамоамиз кучайишини истардим. Кўз остимизга олиб қўйган бир-иккита футболчилар бор. Ҳали бу аниқ эмас. Жамоа ўйинини кучайтирадиган футболчини хоҳласак, қайсидир клубдан шартномаси бор ўйинчини сотиб олишимиз керак бўлади. Лекин бизни қайсидир клубдан футболчи сотиб олиш ниятимиз йўқ.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар