“Бухоро” ўзгаришлар остонасида. Жамоа стадиони бу кўрсаткич бўйича "Пахтакор", "Насаф" ва "Навбаҳор"дан олдинда

8 апрел куни тунда ЎзПФЛ ишчи гуруҳи “Бухоро” стадиони прожекторларини текширувдан ўтказганди. Хулосалар шуни кўрсатдики, “Бухоро” стадиони прожекторлари ўртача 1832 люкс ёруғлик тақдим эта олади. Бу эса ОФК Чемпионлар лигаси мусобақаси учун талаб қиладиган минимал кўрсаткичга жавоб беради. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати хабар берди. 

Икки йилдан ортиқроқ вақт давомида мазкур стадионда футбол учрашувлари ўтказилмади. Шундан келиб чиқиб, шамол ва бошқа табиат ҳодисалари прожекторлар лампаларини ўз жойидан бироз силжитган. Бунинг оқибатида ёруғлик майдон бўйлаб тенг тақсимланмаган.

ЎзПФЛ бош директори ҳамда Бухоро вилояти ҳокими ўртасидаги учрашув давомида мазкур масала ҳам муҳокама этилди. Шундан келиб чиқиб, ҳоким томонидан тегишли ташкилотларга 26 апрель санасига қадар ёруғлик етиб борувчи нуқталарга ўзгартириш киритиш бўйича топшириқ берилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда прожектори энг яхши стадион “Бунёдкор” бўлиб, у ўртача 2400 люксни ташкил этади. Кейинги ўринларда “Қизилқум” (2200), “Сўғдиёна” (1900), “Турон” (1900) жамоалари ўз уй учрашувларини ўтказадиган стадионлар туради. “Бухоро” стадиони талаб этилган созламалардан кейин бу борада мамлакатнинг бешинчи рақамли стадионига айланади.

photo_2022-04-15_16-57-30

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!