Жанубий Кореянинг “Чоннам Драгонс” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Олег Зотеев жароҳат олиб сафдан чиқди.

Гап шундаки, легионеримиз “Кей-2” лигасининг 20-турида сафарда “Пусан Ай Парк” жамоаси билан ўтказилган учрашувни асосий таркибда бошлаганди. Кейинчалик жароҳат олгани сабабли майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Ўша баҳсда Зотеевнинг жамоаси меҳмонда ягона гол эвазига муҳим уч очкони қўлга киритди.

Бироқ ўтган турда ҳамюртимиз майдонга тушмаган беллашувда “Чоннам Драгонс” ўз майдонида “Чунгнам Асан” клубига 0:3 ҳисобида мағлубиятга учради.

Айни пайтда Олег Зотеев оёғидаги жароҳатни даволатяпти. Унинг sports.uz сайтига айтишича, келаси ҳафта яна бир бор тиббий текширувдан ўтказилади ва шунга қараб шифокорлар унинг қачон майдонга қайтишини белгилайдилар.

Айни чоғда “Чоннам Драгонс” мусобақа жадвалида 34 очко билан 3-ўринни эгаллаб турибди. Мазкур клуб навбатдаги ўйинини 22-тур доирасида 25 июль куни меҳмонда “Пучхон-1995” жамоасига қарши ўтказади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар